Қирғизистон: амалдорларнинг телефон сўзлашувларини эшитиш керак

Қирғизистонда қонунга ўзгартириш киритилади
Image caption Мансабдор шахсларнинг сўзлашувларини эшитиш учун мамлакат қонунчилигига ўзгартириш талаб этилади

Қирғизистон Бош вазири Ўмурбек Бабанов юқори лавозимдаги амалдорларнинг телефон сўзлашувларини прокуратуранинг махсус санкциясисиз тинглаш таклифини илгари сурди.

Бош вазир фикрича, бу коррупцияга қарши курашда самара беради.

Мансабдор шахсларнинг сўзлашувларини эшитиш учун мамлакат қонунчилигига ўзгартириш талаб этилади.

Бабанов раҳбарлигидаги ҳукумат ана шундай қонун лойиҳасини тайёрлаб, Қирғизистон парламентига тақдим этиш режасини маълум қилган.

Би-би-си мухбирига кўра, Қирғизистон парламентида ўрин эгаллаган 5 партиядан тўрттасининг аъзолари коалицион ҳукуматнинг аъзолари ҳисобланадилар ва агар бундай қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган бўлса, унинг парламент томонидан маъқулланиши мушкул бўлмайди.

Ушбу ҳаракатлар Президент Алмазбек Атамбоев раҳбарлигидаги янги ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураши доирасидаги амалларидир.

Бу курашнинг "шафқатсиз кураш" экани айтилган, Президент Атамбоев сўзларига кўра, бу курашда "ҳамма бир хил","тегиниб бўлмайдиганлар бўлмайди".

Куни-кеча Қирғизистон ҳукумати аъзоларининг даромадлари эълон қилинган.

Бу маълумотларга кўра, Президент Алмазбек Атамбаевнинг ўтган йилги даромади 26500 АҚШ долларини ташкил этган, жаноб Атамбоев яқинларининг жами даромадлари эса бундан уч баробар кўпроқ.

Жаноб Атамбаевнинг уйи 100 минг долларлик экан, бундан ташқари 3 миллион долларга тенг ер майдони, 2 миллион АҚШ долларига тенг кўчмас мулки ҳам бор. Унинг иккита автомобил эгаси экани, автомобилларнинг бири 17 минг, иккинчиси 5000 доллар экани айтилган.

Лекин мамлакатнинг энг бой кишиси сифатида кўриб келинган бош вазир Ўмурбек Бабанов эълон қилган декларациясига ишонилса, ҳеч қандай кўчмас мулкка эга эмас ва ўтган йили кўрган даромади, атиги 19 минг долларни ташкил этган. Лекин яқинлари бундан 15 баробар кўп пул топишган.

Коррупцияга қарши «шафқатсиз кураш" натижасида аллақачон мамлакатдаги кўзга кўринган шахсларга тегишли идораларда текширишлар бошланган, бу текширишлар «Президент Атамбоев ўзининг рақибларидан қутулиш амаллари» экани ҳақидаги айбловларга президентнинг матбуот орқали баёнот беришига ҳам тўғри келган.

Айни пайтда жамиятда телефон сўзлашувларининг инсон ҳуқуқларини поймол этиши, ҳар қандай шароитда ҳам инсоннинг шахсий ҳаётига аралашиб бўлмаслиги ҳақидаги танқидлар ҳам эшитилмоқда.

Танқидчилар, шунингдек, Қирғизистондаги навбатдаги коррупцияга қарши кураш кўзланган натижани беришига шубҳа билан қараб келадилар.

Боиси, мустақилликка эришган Қирғизистонда бундан олдин ҳам овозали «курашлар" бир неча марта бошланган, бироқ аҳвол яхшиланмаган.

Қирғизистоннинг биринчи президенти 1990 йилларда "коррупция ҳокимиятнинг энг юқори поғоналаригача ҳам чиқиб келди", дея порахўрликка қарши кураш бошлаганди.

Акаевни президентликдан четлатиб, 2005 йилдаги «Лола инқилоби" натижасида унинг ўрнига келган Қурманбек Бакиев коррупцияга қарши қўмитага ўзи раҳбарлик қилган, аммо унинг ҳокимиятдан ағдарилишига айнан порахўрлик ва қариндош-уруғчилик сабаб бўлган.

Муваққат президент Роза Ўтинбоева даврида амалдорларни ёлғон гапни аниқлайдиган жиҳоз билан текширишни бошлашган, бироқ бу йўлдаги чоралар қандай натижа бергани номаълум қолган.