Жанаўзен ҳақидаги янги веб саҳифа адолат учун курашмоқчи

Қозоғистонда http://janaozen.net/ номи остида янги интернет саҳифаси ўз ишини бошлаган.

Саҳифа қозоқ тилида бўлиб, унда ўтган йили декабр ойида бўлиб ўтган қонли тўқнашувлар ортидан юзага келган вазият борасида хабарлар бериб борилади.

Ўтган йили ишдан хайдалган юзлаб нефтчиларнинг етти ой давом этган норозилик намойиши алал-оқибат милиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларга олиб келган ва унда ҳукумат кучлари ўқидан 15дан ортиқ инсон қурбон бўлган эди.

Қозоғистон ҳукумати воқеалар ортидан Жанаўзен борасидаги ҳар қандай маълумотни назорат қилишга ҳаракат қилиб келади.

Янги иш бошлаган http://janaozen.net/ веб саҳифасининг асос мақсадлари нима?

Би-би-си саҳифа асосчиларидан бири Инга Иманбайдан ана шу саволга жавоб сўраган.

Инга Иманбай: Авваламбор айтмоқчи эдимки, бу сайт фақат Жанаўзен ҳақида эмас. У тўлақонли маълумот портали бўлади ва биз Қозоғистондаги энг кескин муаммоларни ёритиб боришни мақсад қилганмиз. Яна бир мақсадимиз, Қозоғистонда матбуот воситалари орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш. Лекин, албатта, диққат марказида Жанаўзен қолади - Жанаўзендаги воқеалар қандай ривожланиб бораётгани, ундаги маҳкама ишларини холисона ёритиб борамиз.

Би-би-си:Бу веб саҳифа муаллифлари кимлар? Ким таъсис қилди уни?

Инга Иманбай: Бизнинг бош муҳарриримиз - жуда таниқли қозоқзабон журналист Қосим Маманжўл. У ҳам телевидение ва ҳам босма матбуотда яхши танилган. Коллективимиз қатор ёш журналистлардан ташкил топган ва улар орасида мен ҳам борман. Биз қозоқзабон журналистлармиз. Саҳифамиз ҳам ҳозирча қозоқ тилида чиқиб боради, лекин келажакда у бошқа тилларда ҳам нашр этилиши режаланган.

Би-би-си:Қозоғистон прокуратураси Жанаўзендаги қонли воқеалар борасида нотўғри маълумот тарқатган шахс ёки ташкилотлар жазога тортилишини айтиб огоҳлантирган. Сиз ўз тарқатган маълумонгиз қозоқ ҳукуматиникига қарама-қарши чиқиши ва таъқиб остига олинишингиздан қўрқмайсизми?

Инга Иманбай: Агар биз прокуратурамиз ёки ҳукуматимиздан қўрққанимизда, бундай ном остида вебсаҳифа очишга қарор қилмаган бўлардик. Бу бир. Иккинчидан, биз ҳеч қандай қонунларни бузаётганимиз йўқ. Биз мавжуд қонунлар доирасида амал қилиб, тўлақонли ва холисона маълумотни тарқатамиз.

Би-би-си:Жанаўзен шаҳрининг бугуни ҳақида қандай қилиб маълумот етказмоқчисиз? У ерда доимий мухбирингиз бўладими?

Инга Иманбай: Сайтимиз ҳали фақат кеча очилди, лекин яқин кунлардан бошлаб Жанаўзендаги доимий мухбиримиз у ердаги кундалик янгиликларни етказиб туради, масалан давом этаётган маҳкама ишларида қатнашиб, ёритиб боради.

Би-би-си:Сизга ҳозиргача қозоқ ҳукумати томонидан қандайдир тўсиқ ёки тазйиқ бўлдими?

Инга Иманбай: Ҳозирча бўлгани йўқ, лекин гап шундаки биз энг охирги лаҳзаларгача бу сайтнинг очилиши ва унинг номини қаттиқ сир тутиб келдик. Чунки билар эдик оқибати нима бўлиши мумкинлигини. Масалан, кеча бўлиб ўтган тақдимот маросимимизда махсус хизматларнинг анча кўп сонли яширин ходимлари иштирок этишди. Баъзилари очиқчасига ҳуқуқ-тартибот ходими устбошида эди. Менимча, сайтимизнинг фақатгина номи туфайли бизга эътибор катта бўлади. Лекин, кўрамиз, буёғи нима бўлишини...

Би-би-си: Сиз Жанаўзендаги воқеаларни тўлақонли ва холисона тарқатиш мақсадида экансиз, бу билан қозоқ матбуоти тўғри маълумотни тарқатмаяпти демоқчимисизлар?

Инга Иманбай: Йўқ, аслида биз рақобат ёки бошқа бир сабаблар билан чиқмаяпмиз. Гап шундаки, Жанаўзендаги воқеалар ортидан интернетда қозоқ тилидаги мақола ва янгиликлар кўпайди. Одамлар интернетда айнан қозоқ тилида маълумотни кўп қидира бошлашди. Лекин, қозоқ тилида холисона ахборот берадиган вебсайт йўқ деса ҳам бўлади. Шунинг учун бизникига ўхшаган сайтга кескин зарурат туғилди. Нимага айнан Жанаўзен десангиз, бу шундай воқеаки, уни келажакда тарихчилар Желтоксан билан солиштиришлари мумкин, шундай экан Жанаўзен нафақат фожеа бўлиб тарихга киришини хоҳлаймиз, балки унинг ҳукуматга қарши кайфиятнинг бир рамзига айланишини ҳам истаймиз...

Бу мавзуда батафсилроқ