ОХҲТ: Қирғизистонда 'миллий озчиликлар президент сайловига иштирок этиш учун фаол жалб этилмаган'

Image caption Қирғизистон жанубидаги миллий озчиликнинг сайловга тўлиқ жалб этилмаганлиги айтилган

Пойтахт Бишкекда журналистлар билан учрашган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг (ОХҲТ) Демократик институтлар ва инсон хуқуқлари идораси (ДИИХИ) раҳбари, элчи Янеш Ленарчич худди шундай баёнот қилган.

Алоҳида матбуот анжумани ўтказган халқаро ташкилот мулозими Қирғизистонда ўтган йили октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловига боғлиқ ОХҲТнинг ҳисоботини тақдим этган.

Янеш Ленарчичнинг билдиришича, у раҳбарлик қилган идора миссияси сайловолди тадбирларига Қирғизистондаги миллий озчиликлар истиқомат қилган ҳудудлар, айниқса мамлакат жанубидаги вазиятни алоҳида кузатган.

- Миллий озчиликлар президент сайловига иштирок этиш учун фаол жалб этилмаган. Шундай ҳолатнинг юзага келишига бир қадар давлат жанубидаги хавфсизлик ва барқарорлик аҳволини яхшилаш суръати янада паст эканлиги сабаб бўлган, - деган элчи Ленарчич.

Шунингдек, халқаро мулозим, 2011 йилнинг 30 октябрида Қирғизистондаги президентлик сайловида миллий озчиликлар нақадар фаол иштирок этганлиги хақида бизда маълумотлар йўқ. Ва худди шу сабабдан ОХҲТ Демократик институтлар ва инсон хуқуқлари идораси ушбу сайловчиларнинг сайловга қатнашиши билан бевосита овоз беришга жалб этилишига баҳо бера олмайди, - деб билдирган Янеш Ленарчич.

Шу билан бирга халқаро ташкилот мулозими махсус миссия аъзолари шу ҳисоботда сўнгги сайловолди тадбирлари ҳамда овоз бериш жараёнининг камчиликлари билан бирга "жуда кўп яхши томонлари"ни таъкидлаб, "уларга ижобий баҳо берган"лигини айтган.

ОХҲТ ДИИХИ раҳбари Қирғизистондаги сўнгги президентлик сайлови камчиликлари сифатида сайловчилар рўйхатларига боғлиқ келишмовчиликлар, берилган овозларни ҳисоблаш, шаҳобчалардаги сайлов комиссиялар тайёрлаган якуний протоколларни тузиш ва овоз беришга алоқадор талашларни ҳал қилиш каби муаммоларни айтиб ўтган.

Президентлик сайловининг ижобий томонлари дея элчи Янеш Ленарчич президентликка номзодларни рўйхатларга тўсқинликсиз киритилиши, фуқароларга ўз номзодини танлаб олишда кенг имконият берилиши, сайловолди тадбирларни эркин ва ойдин ўтказиш, ҳамда сўз эркинлиги билан тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқларига риоя этилишини таъкидлаган.

- Қирғизистон 2010 йилнинг июн ойида жуда мураккаб шароитда самарали референдум ўтказишга муваффақ бўлган, ўша йилда парламент сайлови ўтказилган, Олий Кенгашда бошқарув бирлашмаси тузилган, сўнгра яқинда президент сайланган. Шуларнинг барчаси – Қирғизистоннинг муҳим ютуқларидир. Ҳамда биз шу муваффақиятларни мустаҳкамлаб, ривожлантириш учун қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатишга тайёрмиз, - деган ОХҲТ Демократик институтлар ва инсон хуқуқлари идораси бошлиғи, элчи Янеш Ленарчич.

Қирғизистонда 2011 йилнинг 30 октябр куни президентлик сайлови бўлиб ўтган. Давлат бошлиғи лавозимига Алмазбек Атамбоев сайланган.

Радиотингловчиларимиз диққатига: 25 мартдан бошлаб Би-би-си Ўзбек хизматининг дастурлариниҳар куни Тошкент вақти билан соат 18 00дан 19 00гача 15330, 17510, 21590 қисқа тўлқинларда тинглашингиз мумкин.