Қозоғистон: Жанаўзен қурбонлари хотирасига намойишлар бўлиб ўтди

намойишчилар
Image caption Намойишчилар Жанаўзен ҳодисалари юзасидан адолатли текширув ўтказишни талаб қилдилар

Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида Жанаўзендаги қонли тўқнашувга 100 кун тўлиши муносабати билан норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Олма ота шаҳри марказидаги Абай ҳайкали олдига йиғилган намойишчилар, мамлакат шарқидаги Жанаўзен шаҳрида юз берган қонли ҳодисалар юзасидан адолатли тергов ўтказишни ва мухолифат вакилларини озодликка чиқаришни талаб қилдилар.

Норозилик тадбири Жанаўзенда ҳалок бўлганларнинг руҳига Қуръон тиловат қилиш билан бошланди.

Шундан сўнг йиғилганлар қўлларини мушт ҳолатида баланд кўтариб бир дақиқалик сукут сақлашди.

Плакатларда Жанаўзен ва Шетпеда ҳалок бўлганларнинг исмлари ёзилганди.

Норозилик акцияси ҳокимият томонидан ташкил қилинган Наврўз тантаналари шовқини билан ўтди.

Ҳокимият томонидан рухсат берилмаган норозилик намойиши ўтказилган жойнинг шундоқ ёнгинасида овоз кучайтиргичлардан куй қўшиқлар эшитилиб турди.

Бу йиғилганларга нотиқларнинг нутқларини эшитишда қийинчиликлар туғдирди.

Намойишда кўзга кўринган мухолифат вакилларини кўринмади.

Уларнинг бир қисми 100 кунликни Жанаўзенда нефтчилар билан бирга кутиб олишга кетган бўлса, бошқа бир қисмининг нима учун келмагани айтилмади.

Акция ташкилотчиларидан ҳуқуқбон Бахитжан Торегожинанинг полиция томонидан ушлаб кетилгани маълум қилинди.

Қозоғистонда норозилар ҳар ойнинг сўнгги шанбасида намойиш қилишга келишиб олганлар.

Бугун бўлиб ўтган учинчи намойишнинг олдингилардан фарқи шунда бўлдики, намойиш учун махсус очиқ майдон қолдирилди.

Image caption Тадбирга йиғилганлар Жанаўзенда ҳалок бўлганларнинг руҳига Қуръон тиловат қилишди

Атроф панжара ва полиция кучлари билан ўраб олинмади.

Атрофда тартибни сақлаб туришга ҳаракат қилаётган фақат фуқаро кийимидаги шахсларни кўриш мумкин эди.

Аммо ҳар қандай ҳолатга тайёр полиция кучлари автобусларда намойишчиларга кўринмаган ҳолда туришди.

Йиғилганлар Қозоғистон ҳукуматини Жанаўзенда халқни отишда айблашди ва адолатли тергов ўтказишга чақиришди.

Жанаўзен ҳодисалари муносабати билан ҳибсга олинган мухолифат вакилларини озод қилиш талаби янгради.

Намойиш сўнгида қабул қилинган резолюцияда халқаро жамоатчиликка мурожаат қилинди ва Қозоғистондаги воқеаларга бефарқ бўлмасликка чақирилди.

Намойиш давомида ва ундан сўнг полиция томонидан ҳеч ким ушлаб кетилгани йўқ.

Намойишчилар келгуси ойнинг сўнгги шанбасида яна йиғилишга келишиб тарқалди.

Бу мавзуда батафсилроқ