Аҳмадинажод: НАТО Афғонистонга товон тўлаши керак

Раҳмон ва Аҳмадинажод
Image caption Маҳмуд Аҳмадинажод НАТОдан Афғонистондан тезроқ чиқиб кетишни талаб қилди

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинажод НАТО қўшинларидан Афғонистондан чиқиб кетишни ва унга аъзо давлатлардан бу жангзада мамлакатга товон пули тўлашни талаб қилган.

Жаноб Аҳмадинажод ушбу талабни Душанбеда Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш масалаларига бағишланган минтақавий саммит чоғида илгари сурган.

"Етказилган зарарни қоплаш учун Афғонистондаги НАТО кучларига ажратилган маблағнинг 25 фоизи ва ё НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий бюджетининг 5 фоизи 10 йил давомида Афғонистон давлатига берилиши керак," - деб айтган Маҳмуд Аҳмадинажод.

Жаноб Аҳмадинажоднинг илова қилишича, хорижий кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши бу мамлакат истиқлоли учун замина яратади.

"Афғонистон давлати ва халқига ўзларининг миллий ҳокимиятини тўлақон эълон қилишлари учун ҳар қандай мажбурият ва аралашувларсиз йўл беришсин. Ишончлари коми бўлсинки, улар кетишлари билан наркотиклар контрабандаси ва терроризм таназзулга юз тутади," - деб таъкидлаган Эрон президенти.

Жаноб Аҳмадинажоднинг ишонишича, Афғонистон давлати ва халқи ўз ўзини бемалол идора қилишга қодир.

У Афғонистондаги бўҳроннинг асл сабаби "НАТО ва унга аъзо бўлган давлатларнинг босқинчилик сиёсати" экани ва бу сиёсат ўзгармас экан вазиятни ўзгартириш қийин бўлишини айтди.

У НАТОга аъзо давлатлар ва айниқса Америкадан дунё мамлакатларига нисбатан "душманона сиёсатларини" ўзгартиришга чақирди.

Унинг айтишича: "Бундан уларнинг ўзига фойда. Императорликлар даври поёнига етган. Тарихдан сабоқ олмаганлар бунинг товонини тўлашади."

Жаноб Аҳмадинажод чиқиши пайтида Афғонистон масалари бўйича анжуманга келган Америка ҳайъати мажлис залини тарк этганлар.

АҚШ ҳайъатига Жанубий ва Марказий Осиё бўйича Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк етакчилик қилмоқда.

У "Янги Ипак Йўли" номли АҚШнинг Марказий Осиё бўйича асосий стратегияси ҳақида чиқиш қилиши кутилган эди.

Ушбу режа асосан Афғонистон иқтисодиётини оёққа турғизиш ва ривожлантиришни назарда тутади.

Бироқ "Янги Ипак Йўли" стратегиясида Эронга ҳеч қандай роль ажратилмаган.