Жанаўзен ҳодисалари бўйича маҳкама иши бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Olga Yaroslavskaya
Image caption Жанаўзен ҳодисалари юзасидан илк маҳкама

Жанаўзен ҳодисалари юзасидан маҳкама ўз ишини бошлаган.

Қозоғистоннинг ғарбидаги Ақтау шаҳрида бошланган жараёнда 37 киши маҳкамага тортилган, уларнинг икки нафари вояга етмаган.

6 давлат қораловчиси ва 12 адвокат иштирок этиши кутилаётган ушбу маҳкамада 100 дан ортиқ жабрланувчи қатнашмоқда.

Жабрланувчилар қонли тўқнашувлар давомида мол мулкига зиён етган шаҳарликлар эканиги айтилмоқда.

Маҳкама оммага очиқ бўлиши учун у шаҳардаги “Арман” ёшлар марказида бўлиб ўтмоқда.

Аммо маҳкамага қизиқиш катта бўлганидан иштирок этмоқчи бўлган журналистлар, жамоат фаоллари ва жабрланувчиларнинг яқинлари кўплигидан бино торлик қилиб қолган.

Маҳкаманинг биринчи кунида “оммавий тартибсизликлар уюштириш”жиноий иши кўриб чиқилади.

Журналистлар учун махсус матбуот маркази ташкили қилинган, улар жараённи ўша ердан кузатиши кутилмоқда. Маҳакама залида эса кузатувчилар бўлиши айтилмоқда.

Image caption Жаноўзен ҳодисаларидан бери бир неча бор оммавий норозилик намойишлари кечган

Маҳкама жараёни қозоқ тилида бўлиб ўтади.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида 2011 йилнинг 16 декабр куни ва Шетпе станциясида 17 декабрь куни бўлиб ўтган қонли тўқнашувлар натижасида расмий манбааларда 17 кишининг ҳалок бўлгани айтилади.

Жанаўзен шаҳрида нефтчиларнинг ижтимоий адолат талаб қилиб 7 ой намойиш ўтказиши ортидан 16 декабрь Қозоғистон мустақиллиги нишонланаётган вақтда оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди.

Тартибсизликлар натижасида шаҳардаги ўнлаб биноларга ўт қўйилган, дўкон ҳамда банклар таланган.

Қозоғистон расмийлари ушбу тартибсизликлар четдан уюштирилганини айтган ва мухолифатнинг бир неча фаолларини ҳибсга олган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тартибсизликларни бостириш вақтида куч ишлатар тизимлар бешафқат бўлганини ва натижада қуролсиз одамларнинг жабр чекканини айтиб чиққан.

Бош прокуратура тинч аҳолига ўқ узишда мансабни суъистемол қилиш ҳоллари бўлганини ҳам қайд этган ва бир неча полиция ходимларига нисбатан жиноий иш очган.

Халқаро Ҳюмен Райтс Уотч ташкилоти Жанаўзен ҳодисаси юзасидан Қозоғистон ҳукуматини очиқ ва адолатли маҳкама ўтказишга чақирган.