БМТ:'Қирғизистонда лесбиян аёллар зўрланмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Марказий Осиёда жинсий озчиликлар ҳамон таҳқирланади

БМТнинг Женевада тақдим этилган ҳисоботида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари лесбиян аёлларни атайдан зўрлагани қайд этилган тўрт ҳолат келтирилади.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари эса жинсий озчиликлар, яъни лесбиян аёлларни зўрлаш ҳоллари йилдан йилга кўпаётганини урғулайдилар.

Жинсий озчиликлар ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу борада Қирғизистон Омбудсмани ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат этиб, мазкур ҳолларни текшириш ва айбдорларни жазолашни сўрашган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, милиция ходимлари лесбиян аёлларни қўрқитиб туради ҳамда улардан пул ундиради ва баъзи ҳолларда ҳатто зўрлашади.

"Лабрис" нодавлат ташкилоти битган мурожаатномада бу каби ўнлаб ҳолатлар келтирилади.

"Ўтган йил давомида шу каби 65та ҳолатни ўргандик" - дейди "Лабрис" вакили Вероника Юрьева - "Улардан камида ўн тўртта ҳолатда ҳуқуқ-тартибот ходимлари жинсий озчиликлар ҳақ-ҳуқуқлари топташгани қайд этилган".

"Лабрис" гуруҳи вакиллари фожеали воқеалар ҳам учраб туришини қайд этишади.

"Бизда рўйхатдан ўтган бир аёлни номаълум шахслар Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасидаги овлоқ жойга олиб бориб, таҳқирлашганди" - дейди "Лабрис" фаоли Сийнат Султоналиева - "Кейин аёл милицияга ёрдам сўраб, мурожаат этганида, уни милиция ходимлари ҳам таҳқирлашган".

"Ҳозир биз ўша терговчи устидан прокуратурага мурожаат этганмиз, аммо у ёқдан ҳам жавоб йўқ".

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Қирғизистон қонунларидаги жинсий зўрлаш тушунчаси жинсий озчиликларга нисбатан амалда қўлланмайди ва бундай инсонни зўрлаганлар жазоланмай қолмоқда.

Би-би-си ушбу ҳолатлар юзасидан Қирғизистон расмий идораларига мурожаат этди. Лекин мулозимларга кўра, айни масала ўта нозик ва уни обдон ўргангандан кейингина бирон жавоб бериш мумкин.

Ҳозиргача, Қирғизистон Омбудсмани Турсунбой Акун ҳуқуқлари камситилаётган жинсий озчиликлар вакилларини ҳимоя қилиши ҳақида билдирган.

Қирғизистонда ҳамжинсбозлик ҳозир жиноят эмас. Лекин жамиятда унга нисбатан ҳамон қабул қилиб бўлмайдиган воқелик сифатида қаралади.