BBC navigation

Қозоғистон: Дариға Назарбоева президентликка меросхўрми?

Сўнгги янгиланиш 30 март 2012 - 12:47 GMT

Дарига Назарбоева санъат ва сиёсатни ҳамоҳанг олиб боришга уринаётган арбоблардан

Қозоғистоннинг Contur.kz интернет сайтида мамлакат президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг маданий ва сиёсий саҳнада фаоллашиб бораётгани ҳақида мақола пайдо бўлган.

Мурат Аталиқнинг "Депутатлик арияси энди бошланадими?" номли сарлавҳа остида чоп қилинган мақоласида Назарбоева хонимнинг турли концерт ва фильмларда кўриниш бериши ва парламентнинг қуйи палатасидан ўрин эгаллаши ҳақида гап кетади.

Опера йўналишида куйлаш маҳорати билан ном чиқарган Дариға Назарбоева Қозоғистонда сиёсий доираларида ҳам танилиб улгурган.

2007 йилгача қатор теле ва радиостанцияларга эгалик қилган Назарбаева хоним "Асар" номли партияни тузганди. Кейинчалик партия отасининг "Нур отан" партияси таркибига кирди.

Айни йили турмуш ўртоғи Роҳат Алиевнинг Венага қочиши билан у сиёсатдан чекинади.

Қозоғистонда қатор жиноятларда айбдор деб топилган жаноб Алиев масаласини савол-жавобларнинг бирида Дариға Назарбоева "оғриқли мавзу" эканини айтиб, уни эсламасликка ҳаракат қилишини айтган.

2011 йилдан Назарбоева хоним сиёсатга яна қайта бошлади. Декабрда Қозоғистон мустақиллиги кунига бағишлаб Москвадаги Большой театрда концерт қўйиши ортидан у шу йилнинг январ ойидаги парламент сайловларида "Нур Отан" партияси номидан депутат этиб сайланди.

Қозоғистонлик таҳлилчи Қанат Берентаев Дариға Назарбаеванинг парламентга қайтишини олдиндан таҳмин қилган сиёсатшунослардан. Унга кўра президент қизи бора-бора парламент раиси лавозимини эгаллайди.

"Агар президент тўсатдан лавозимидан кетадиган бўлса, конституция биноан, бу ўринни биринчи бўлиб Сенат раиси, кейин парламент раиси, ва учинчи ўринда бош вазир эгаллаши мумкин", - дея ишора қилади таҳлилчи.

Қозоғистонлик журналист Сергей Дуванов ҳам Назарбаева хонимнинг ўз отаси ўрнини меърос қилиб олиш томон шаҳдам қадамлар билан кетаётганини урғулайди.

"Дариғанинг жамоатчиликка берган ҳар бир кўриниши унинг имиджини кўтаришга қаратилган. Одамларга уни ривожланган, етакчи, куйловчи, демократик арбоб сифатида тақдим қилишмоқда. Яъни, у очко йиғаяпти", - дейди жаноб Дуванов.

Шунингдек, унга кўра, агар Президент Назарбоев тўнғич қизининг давлат тепасига келишини истаса, бунга ҳеч ким қарши бўла олмайди. "Фақат отаси оламдан ўтиб кетса, Дариғанинг ушбу лавозимни ушлаб қола олиши катта савол остида бўлади", - дейди у.

Парламент сайловлари олдидан интернетда саволларга жавоб берган Назарбаева хоним отасининг сиёсатига таянч бўлишини маълум қилган ва давлат бошқарувида парламент аҳамиятини оширишга ҳаракат қилишини айтган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.