BBC navigation

Икки ҳисобот Қирғизистондаги ўзбекларнинг сиёсий четлатилишидан огоҳлантирмоқда

Сўнгги янгиланиш 30 март 2012 - 09:39 GMT

Қирғизистондаги аксар ўзбеклар уларнинг манфаатлари учун курашадиган номзоднинг йўқлигини айтишади.

Қирғизистондаги этник ўзбек аҳолисининг бугунги аҳволи борасида чоп қилинган икки ҳисобот ўзбек аҳолисининг қирғиз сиёсий жараёнларидаги иштироки суст бўлиб қолаётгани, ҳамда мамлакат жанубидаги этник бўлинишлар янада кенгайиб бораётганини айтади.

Брюсселда жойлашган Алишер Навоий Институтининг "Қирғизистон: Сайловлар ва ўзбек миллий озчилиги - шимол ва жануб оралиғида", ҳамда Халқаро Инқироз Гуруҳининг "Қирғизистон: жанубда кенгайиб бораётган этник бўлинишлар" номли ҳисоботлари 2010 йил июнида бўлиб ўтган қонли зўравонликлар ортидан ўзбек аҳолиси олдида ҳақиқий танлов йўқлигини айтади.

Алишер Навоий Институтининг Марказий Осиёдаги вакили Суҳроб Исмоиловнинг Би-би-сига айтишича, ўзбек аҳолиси Қирғизистонда кечаётган сайловларда ўз ўрнини топа олмаяпти. Унга кўра, ўзбеклар жануб ва шимолдан чиққан қирғиз сиёсатлари орасида қолиб кетган.

"Ўзбек аҳолиси ўз овози учун ишлатиладиган куч дея қабул қилинган. Октябр президентлик сайловларида ўзбеклар аксар овозларини шимоллик номзод Алмазбек Атамбаевга берган. Лекин, ҳозирги пайтда Атамбаевнинг кўп чиқишлари миллатчилик руҳида бўлгани учун, буни жанублик сиёсатчилар ўз фойдасига ишлатишга уринаяпти. Улар "мана, сиз овоз берган одамлар аксил-ўзбек гаплар гапираяпти" деб, жанубликларга овоз беришга тортишаяпти", - дейди у.

Бироқ, айни ҳисоботда шимоллик Президент Алмазбек Атамбаев, ҳамда унга қулоқ солмайдиган жанублик Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматовларнинг ўзбек овозлари учун курашиб келаётганлари ва бу кураш 4 мартда Ўш шаҳар кенгашига бўлиб ўтган сайловларда яққол кўзга ташлангани айтилади.

"Ўшни сунъий тинчлик эгаллаган, лекин на қирғиз ё на ўзбек аҳолиси унинг ушлаб турилишига ишонади. Ўзбеклар борган сари ўз қобиқларига ўралиб қолишмоқда. Улар қирғиз кўпчилиги томонидан камситилишлари, ҳамда жамият ва касбларидан сиқиб чиқарилганларини айтадилар. "

Халқаро Инқироз Гуруҳи

Ҳўш, Атамбаев ва Мирзакматовлар ўзбек овозлари учун курашаётган бўлса, бу ўзбек манфаатлари ҳисобга олинаётганини англатмайдими?

"Ўзбекларга бу каби эътибор фақат вақтинчалик, қисқа мақсадлар учун қаратилаяпти. Ўзбек озчилигининг сиёсий жараёндаги иштирокини кўпинча қирғиз сиёсатчилари ҳал қилаяпти. Асосий мақсад - ҳокимиятга келиб олиш. Ўзбек озчилигига берган ваъдалари ёдларидан кўтарилиб қолаяпти", - дейди жаноб Исмоилов.

Муқобил танлов

Халқаро Инқироз Гуруҳининг "Қирғизистон: жанубда кенгайиб бораётган этник бўлинишлар" номли ҳисоботи анча кескинроқ манзарани чизади.

Ҳужжат қирғиз ҳукумати жанубдаги этник зиддиятни тинчита олмаганини айтиб, бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Унда ҳам Ўш ҳокими, "ашаддий қирғиз миллатчиси" Мелис Мирзакматов ва Президент Алмазбек Атамбаевлар ўртасидаги фарқлар, ҳамда аросатда қолган ўзбекларга эътиборсизлик ёритилади.

"Ўшни сунъий тинчлик эгаллаган, лекин на қирғиз ё на ўзбек аҳолиси унинг ушлаб турилишига ишонади. Ўзбеклар борган сари ўз қобиқларига ўралиб қолишмоқда. Улар қирғиз кўпчилиги томонидан камситилишлари, ҳамда жамият ва касбларидан сиқиб чиқарилганларини айтадилар. Ўзбек тилидаги матбуот воситаларининг аксари ёпилган, таниқли миллатчилар эса ўзбекларни диаспора деб атаб, уларнинг айри ва паст мавқеини урғулашади", - дейди Халқаро Инқироз Гуруҳининг Марказий Осиё бўйича директори Пол Куин-Жадж.

Ўзбеклар олдидаги муқобил танловга келганда эса, ҳисобот Қирғизистондаги 700,000 ўзбеклар орасида тобора радикал жиҳодий элементларга дастак ошиб бораётганини айтади.

2010 йилги этник тўқнашувларда 400дан ошиқ инсон ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксари ўзбеклардир.

"Ўзбекларнинг озчилиги Покистон ва Афғонистонда тайёргарликдан ўтаётган радикал жиҳодчиларни диний ёки сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламасада, баъзи ғазабланган ўзбеклар аввалгидан кўра кўпроқ уларни дастаклай бошлашган", - дейилади унда.

Суҳроб Исмоилов Халқаро Инқироз Гуруҳининг бу қарашларига қўшилмаслигини айтади. "Бундай ҳаракатлар тарафдорлари жамиятда ҳар доим камчиликни ташкил қилади", - дейди у.

Хулосалар

Алишер Навоий Институти ҳисоботи ўзбек аҳолиси шимол ва жанубнинг қирғиз сиёсатчилари орасида аросатда қолаётган эсада, бора-бора ўз манфаатларини кўзлаб амал қилишга ўрганиниши айтади.

"Ҳеч бўлмаса, Ўш шаҳар кенгашига бўлган охирги маҳаллий сайловни кузатадиган бўлсак, ўзбеклар орасидан депутатлар сони салмоқлигина. Ёмон эмас. Шунинг учун, иложи бўлганда ўзлари депутатликка ёки бошқа давлат органларига ҳаракат қилиб, бўлмаганда эса ўз манфаатларининг максимал даражада амалга ошишига ёрдам берадиган номзодларга овоз бериб, сиёсий жараёнда қатнашишдан бошқа иложлари йўқ", - дейди жаноб Исмоилов.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг хулосаси эса бироз кескинроқ. Унга кўра, этник муаммо ёки жанубни ким бошқариши масаласини ҳал қилмаслик жуда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ташкилотнинг Осиё дастури директори Роберт Темплер этник алоқаларнинг ёмонлашиб бориши ва жанубда итоатсиз раҳбарнинг ўрнашиб олиши хавфли эканини айтиб, ҳукуматни ўзбеклар Қирғизистон келажагида ўз ўринларига эга эканликларига ишонтиришга чақиради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.