Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги жорий алоқаларга оид баёнот чоп этилди

Тожикистон Ўзбекистонни мамлакатда беқарорликни келтириб чиқариш ҳаракатларида айблади.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси вебсаҳифасида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги жорий алоқаларга оид баёнот чоп этилди.

Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон раҳбарияти икки мамлакат ўртасида қарама-қаршилик сиёсатини олиб бормоқда ва шу йўл билан Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодий, транспорт, коммуникация ва бошқа чоралар орқали тожик томонини ўзига буйсунтирмоқчи.

Биринчи апрелдан бошлаб Ўзбек расмийларининг Тожикистонга газ таъминотини тўхтатиб қўйгани, ундан аввал эса транзит юкларини ўтказмагани, ҳамда Роғун ГЭСининг қурилишига салбий тасир қилаётган иқтисодий бойқот, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг беқарорлашишига олиб келиб, алал оқибат инсоний фожеага айланиши мумкин, дейилади баёнотда.

Ўзбекистон томони Тожикистонни табиий газ билан таъминламаслик қарорини ўзбек газининг янги харидори бўлмиш Хитой билан имзоланган келишувга биноан ўз буйнига олган мажбуриятлари билан изоҳлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг матбуот хизматига мазкур баёнотга муносабатни олиш мақсадида бир неча бор мурожаат қилди, бироқ ўринишлар натижа бергани йўқ.

Бу масалани ўрганган Душанбелик журналист Искандар Фирузнинг айтишича, ушбу баёнотнинг Россиядаги элчихона вебсаҳифасида эълон қилингани турли фикрларни келтириб чиқармоқда.