Президент ўзиниям, мулозимлариниям соғлом қилмоқчи

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов яқинда ўзи эълон қилган "Қудрат ва бахтиёрлик даври"ни нишонлаш учун ҳаммани саккиз чақиримга узанган пиллапояга чиқармоқчи.

Хабарларга кўра, оммавий "Саломатлик юриши" апрел ойининг биринчи ҳафтасига режаланган кўнгилочар ва спорт дастурларининг энг қиёмига етган нуқтаси бўлади.

Авваллари ҳам апрел ойининг биринчи ҳафтасида Туркманистонда жисмоний саломатликни яхшилашга қаратилган тадбирлар ўтказиб келинган.

Аммо бу галгиси Умумхалқ "Саломатлик ва Бахтиёрлик" ҳафталиги, деб номланган.

Туркманистонда, дейлик, АҚШда бўлгани каби, ҳар икки уч кишидан биттаси семизликдан азоб чекмайди.

Аммо, шунга қарамай, президент Бердимуҳаммедов барча ҳукумат идоралари ва давлат ширкатлари ходимларининг бир ҳафта давомида жисмоний машқ билан шуғулланишларини истайди.

Унинг бу ҳақдаги сўзларидан "Нейтрал Туркменистан" газети иқтибос келтиради.

2006 йилда юрак хасталигидан вафот этган марҳум Туркманбоши эса, барча юқори мартабали мулозимларининг йилига бир маротаба ушбу зинадан тушиб, чиқишларини шарт этиб қўйганди.

Ортиқча сарф-харажат эканини айтиб, Сапармурот Ниёзов 2005 йилда мамлакат вилоятларидаги тиббиёт муассасаларини ёпиб қўйганди.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов эса, ўша пайтда Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлган.

Марҳум Ниёзов бошқаруви Туркманистонда "Олтин эра", деб номланганди.

Жаноб Бердимуҳаммедов эса, ўз президентлигини "Буюк Уйғониш" даври дея эълон қилишдан бошлаб, энди "Қудрат ва Бахтиёрлик эраси"га кўчган.

Хўш, бу каби баландпарвоз баёнотлару ўтказилаётган турли ҳафталиклар нимани англатади? Биз шундай савол билан Инсон ҳуқуқлари бўйича "Туркман ташаббуси" гуруҳи раҳбари Фарид Тухбатуллинга мурожаат қилдик:

Фарид Тухбатуллин: Ҳа, ростдан ҳам, йилнинг қайси мавсуми ёки об-ҳавонинг қандай эканига қарамай, турли тадбиру тантаналар Туркманистонда мунтазам равишда ўтказиб келинади. Афтидан, туркман ҳукумати бу йўл билан аҳолининг эътиборини мамлакат тўқнаш келиб турган муаммолардан чалғитишни истайди. Бу каби муаммолар мамлакат Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бор. Назаримда, саломатлик ҳафталигининг ўтказилишига ҳам худди шу нарса сабаб бўлган. Ушбу ҳафталик доирасида турли хил спорт тадбирлари уюштириш режаланган. Аммо, менга маълум бўлишича, ушбу тадбирлар давлат ғазнасидан молияланмайди. Бу иш ҳар доим ҳам бўлганидек, мамлакатдаги спорт ташкилотлари, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ташкилотчилар, мураббийлар ва ўқитувчилар зиммасига юкланган.

Би-би-си: Шундай экан, оддий одамларнинг ўзлари президентларининг бу каби ташаббуслари, режаю қарорларига қандай муносабатдалар? Бу уларни қанчалик руҳлантиради ёки кўникиб қолишганми?

Фарид Тухбатуллин: Биласизми, катта ёшдаги одамлар бу каби тинимсиз байраму тантаналардан чарчашган. Ўзингизга ҳам яхши аён бўлса керак, президент Бердимуҳаммедовнинг бирор бир минтақа, ҳаттоки, қандайдир қурилиш сатҳига бориши ҳам катта дабдабага айланиб кетади. Каттаю кичик юзлаб одамлар президенти кутиб олишга чиқарилади. Улар ўз шахсий ташвишлари, ишларидан узилиб қолишади. Агар тадқиқотларимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ёшлар бунга кўникиб қолишган. Улар бошқача ҳаётни тасаввур ҳам қила олишмайди. Чунки марҳум Ниёзов давридан шундай бўлиб келган. Улар қанчалик азобли бўлмасин, исталган об-ҳавода, тонгги соат 5-6 дан айтилган жойга бориш, соатлаб оёққа тик туришга кичик ёшларидан гувоҳ бўлишган.

Би-би-си: Президент Бердимуҳаммедов саломатлик каби ҳафталиклар билан ўз халқини соғлом қилишни истар экан, умуман, бугун Туркманистондаги Соғлиқни сақлаш тизими қандай аҳволда?

Фарид Тухбатуллин: Жорий президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Соғлиқни сақлаш вазири бўлган пайтда марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзов мамлакатдаги кўплаб тиббиёт муассасаларини ёпиб ташлаганди. Биз ҳозир кўплаб бошқа соҳалар каби, Туркманистондаги Соғлиқни сақлаш тизимининг аҳволини ҳам назорат этишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, президент Бердимуҳаммедов бошқаруви даврида пойтахт ва яна бир қанча йирик шаҳарларда янги тиббиёт масканлари қурилди. Аммо мамлакат кичик шаҳару туманларидаги шифохоналарни таъмирлаш, уларни лозим жиҳозлар билан таъминлаш учун маблағ ажратилаётган йўқ. Энг йирик муаммо эса, бизнинг назаримизда, малакали тиббиёт ходимларининг тақчиллигидир. Чунки тажрибали мутахассисларнинг аксарияти Туркманистонни тарк этишган ёки нафақага чиқиб кетганлар. Бугун мамлакат тиббиёт ўқув юртларини тугатиб чиқаётган ёшларнинг савияси эса, уларникидан анча орқада. Шунинг учун ҳам йил сайин даволаниш учун қўшни давлатларга бораётганлар сони ортиб бормоқда. Ҳозир, ҳатто, тиббий муолажа олиш учун чет давлатларга бормоқчи бўлганларни мамлакатдан чиқармасликка оид оғзаки қарор борлигини ҳам эшитаяпмиз. Буларнинг барчаси Туркманистон Соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги аҳволига далолат қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ