Ўзбек-Қозоқ чегарасида газ қувури ёрилган

Қозоғистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги хабар тарқатишича, Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтган газ қувури ёрилиб, ёнғин келиб чиққан.

Натижада Ўзбекистондан Қозоғистонга газ узатиш тўхтатиб қўйилган, қарийб 300 минг киши газсиз қолган.

Ҳодиса 4 апрел куни тонгги соат 5.30 ларда Ўзбекистоннинг Назарбек посёлкасидан 700 метр узоқликда, Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани Мақтаарал ва Дилдабеков қишлоқларига яқин жойда юз бергани ҳақида хабар қилган Қозоқ расмийлари.

Ер остидаги қувур тешилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан, фавқулодда ҳолатлар хизмати ходимларига кўра, ёнғин алангасининг баландлиги 100-150 метрга етган.

Ёнғинни ўчириш учун фавқулодда ҳолатлар ва ўт ўчириш хизматлари ходимлари сафарбар этилганлар.

Расмийлар қувур ёрилиши сабаблари ўрганилаётганини, қурбон ва жабрланганлар йўқлигини айтишган.