Қозоғистон: Ароқ шишасида Аллоҳнинг номи?!.

Image caption Завод маъмурияти ароқларни дўконлардан қайтариб олишини айтмоқда

Қозоғистонда Аллоҳнинг номи ароқ шишасига ёзилиши мусулмонларнинг ғазабига сабаб бўлган.

Қозоғистон ғарбидаги Ақтўба шаҳрида спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи завод ушбу хато учун мусулмонлардан узр сўраган ва дўконлардан ушбу ароқларни қайтариб олишини билдирмоқда.

Семей шаҳридаги дўконларда сотилаётган ароқнинг бош қисмида арабий ҳарфлар билан “Ла ғолиба илоллоҳу” яъни “Аллоҳдан ўзга буюк қудрат йўқ", дея ёзилган.

Маълум бўлишича, ушбу ёрлиқ дизайни Англияда тайёрланган ва Россияда чоп этилган.

Завод маъмурияти дизайнердан ёрлиқ шарқона бўлишини сўраган ва ундаги сўзларга эътибор бермаган.

Ушбу хабар маҳаллий матбуотда ёритилиши ортидан, завод директори Ақтўба шаҳридаги марказий масжидга келган ва расман кечирим сўраган.

“Биз масжид имомидан жамоатчилик олдида узр сўрадик. Биз ишлаб чиқарувчи заводмиз, ёрлиқдаги дизайнда Аллоҳ ёзилганини билмаганмиз. Шунинг учун ҳам биз жамоатчилик олдида кечирим сўраймиз. Ушбу маҳсулотлар савдо расталаридан бутунлай олинади”, - деган “Геом” бирлашмаси ишлаб чиқариш бўйича директори Олга Эринк.

Завод директори келиб, кечирим сўраган масжидга қатновчи мусулмоннинг айтишича, жамоатчиликдан узрхоҳлик қилган ишлаб чиқарувчи ушбу ёзувларни бир дизайн сифатида қабул қилганини айтган.

“Биз билмадик, шарқ услубида чиқарайлик, деб ўйлаб бир китобдан кўчиргандик. Ўқишни билмасдик дейишяпти. Дизайн деб ўйлабмиз, кечиринглар деди”, - дейди масжид жамоати вакили.

Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, Аллоҳ ҳаром қилиб тақиқлаган маҳсулотга "Қуръон"дан калималар ёзилишини мусулмонлар ҳақорат сифатида қабул қилган ва бу уларнинг ғазабини келтирган.

Расмий манбаларда мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 70 фоизи ташкил этиши айтилади.

Сўнги вақтларда Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида Ислом динига амал қилувчи мусулмонларнинг сони тез суръатларда ортаётгани кузатилади.

Бу мавзуда батафсилроқ