The Telegraph: 'Ўзбек-тожик можароси минтақани беқарорлаштириши мумкин'

Image caption "Телеграф"нинг ёзишича, темирйўл ва газ Ўзбекистонга жанубий қўшниси устидан иқтисодий назорат ўрнатиш имконини беради

Британияда чиқадиган "Телеграф" рўзномасининг ёзишича, Марказий Осиёнинг икки собиқ шўро давлати ўртасидаги можаро минтақадаги барқарорликни издан чиқариши мумкин.

Рўзномага кўра, сўнгги ҳафталарда темир йўли ва газ транзити борасида кескинлашган зиддият Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларнинг қанчалик таранг эканини кўрсатади.

Британ нашри сўнгги кескинлашув НАТО Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқишга тайёрланаётган пайт юзага келганига эътибор қаратган.

Рўзноманинг Марказий Осиё бўйича мухбири Жеймс Килнернинг ёзишича, ўзининг оғир ҳарбий техникасини Марказий Осиё орқали олиб чиқишга ҳозирланаётган НАТО минтақада яхши фазони яратишга уринмоқда.

Муаллифга кўра, Марказий осиёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлган Тожикистон учун сув асосий табиий бойликлардан бири ҳисобланади.

"Тожикистоннинг табиий бойликларидан бири, бу - Помир тоғларидан оқиб тушаётган ва Ўзбекистоннинг даромадли пахта майдонларини суғоришда ишлатилаётган сувдир", - деб ёзади муаллиф.

Аммо ўз навбатида Ўзбекистон газ қувурлари тармоғи ва темир йўл тизимига эга, бу эса Ўзбекистонга ўз қўшниси устидан иқтисодий назорат ўрнатиш имконини беради.

Муаллифнинг таъкидлашича, расмий Тошкент айниқса, Тожикистоннинг гидроиншоот лойиҳаларига тиш-тирноғи билан қарши.

"Ўзбекистон, жумладан, Тожикистоннинг бу соҳада Эрон билан ҳамкорликда амалга оширишни режалаётган лойиҳаларига қарши. Тўғонлар Тожикистоннинг Ўзбекистон энергиясига қарамлигини камайтириш билан бирга, муҳим сув заҳираларининг ҳам тортилишига олиб келади", деб ёзади муаллиф.

"Телеграф"даги мақолада тожик томони Ўзбекистонни ўзини иқтисодий қамал қилишга уринишда айблагани, аммо ўзбек расмийлари бу даъволарни рад этганликлари айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ