Тожик сиёсий партиялари Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларини музокарага чақирдилар

Image caption Сиёсий партиялар Президент Каримов ва Президент Раҳмонни икки ўртада юзага келган баҳсларни ижобий ҳал этишга чақирганлар.

Тожикистонда рўйхатдан ўтказилган етти сиёсий партия вакилллари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаат билан чиққанлар.

Тожикистон Аграр партияси, Ислом Уйғониш, Коммунистик, Социалистик, Демократик, Иқтисодий ислоҳотлар партияси ва Умуммилий Социал-демократик партиянинг Суғд вилоят бўлимлари умумий баёнот эълон қилганлар, бу баёнот Ўзбекистон ва Тожикистон президентларидан ташқари БМТ ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раҳбариятига ҳам йўлланган.

Мурожаатда сиёсий партиялар икки мамлакат ўртасида охирги пайтда таранглашган вазиятдан хавотир билдирганлар.

Қарама-қаршилик бирор бир тараф манфаатига хизмат қилмаслигини таъкидлаган партиялар вакиллари Президент Ислом Каримов ва Президент Имомали Раҳмонни икки ўртада юзага келган баҳсларни ижобий ҳал этишга чақирганлар.

Мурожаат муаллифлари икки мамлакат раҳбарларига мурожаат қилиб, икки халқ манфаатларини ўзларининг шахсий ёки гуруҳий манфаатларидан юқори қўйиш фурсат етганини айтадилар.

Тожик сиёсатчилари Президент Раҳмон ва Президент Каримовни сиёсий донолик ва узоқни кўра олишларини намойиш этишга, юзага келган муаммоларни юзма-юз ўтириб, музокаралар даврасида дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирадилар.

Душанбе ва Тошкентдаги Бирлашган Миллатлар ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотларининг ваколатхоналаридан муаммоларни ижобий ҳал этишда ёрдам беришлари сўралган.

Охирги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатлари тобора совуқлашиб бораётгани кузатилди.

Тожикистон ўзини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Роғун ГЭСини қуриши зарурлигини таъкидлаб келади.

Асосий сув томирлари Қирғизистон ва Тожикистонда бўлган Ўзбекистон эса бу улкан лойиҳа ўз иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши, мамлакат қишлоқ хўжалиги сувсиз қолишини айтиб Роғун ГЭСи лойиҳасига қаршилигини билдириб келади.

Ўзбекистон бу лойиҳанинг халқаро экспертизадан ўтказилиги ташаббускори бўлган.

Тожикистон Ўзбекистонни иқтисодий қамалда айблаб келаётганига ҳам анча бўлди, Тожик тарафи ўзларига мўлжалланган юкларнинг Ўзбекистонда атайин узоқ вақт ушлаб турилишидан ўз иқтисоди зарар кўраётганини айтиб келади.

2011 йил ноябрида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтган ва Тожикистоннинг жанубий ҳудудларини боғлаган темир йўлда террорчилик хуружи уюштирилганини Ўзбек расмийлари эълон қилганлар, бугунга келиб Тожик расмийлари Ўзбекистон бу йўлдаги темир йўл релсларини бузаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Ўзбекистон 2012 йил 1 апрелидан Тожикистонга табиий газ узатишни тўхтатиши ҳақида эълон қилган, икки мамлакат ўртасидаги йил бошида имзоланган битимда фақат йилнинг биринчи чорагидаги газ таъминоти кўзда тутилганини айтган.

Тожикистоннинг Москва ва Бишкекдаги элчихоналари қўшни мамлакатларни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятни аритишда кўмак сўраб чиқдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ