'Ўзбекистоннинг амаллари Тожикистоннинг тараққиётига хизмат қилади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожик расмийларига кўра, Ўзбекистон газининг аксар қисмидан фойдаланадиган Тожикистон Алюминий заводи ҳам газогенераторга ўтган.

Айрим тожик сиёсатчилари Ўзбекистон билан охирги пайтда кучайган зиддиятнинг Тожикистонга зарари эмас, аксинча фойда келтираётгани ҳақида гапириш зарурлигини айтмоқдалар, боиси юзага келган мушкуллик Тожикистонни боқимандаликдан қутулишга ундамоқда.

Тожикистон Саноат ва энергетика вазирлигига кўра, мамлакатдаги 130 дан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси табиий газдан эмас, кўмирдан фойдаланаяпти.

Тожикистон Саноат ва энергетика вазирлигига кўра, қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган 80 та, 20 металлургия, 17 та консерва заводи ва бир шиша заводи аллақачон табиий газ билан эмас, кўмир билан ишлаяптилар.

Тожик расмийларига кўра, мамлакатнинг йирик корхоналаридан бири "Тажикцемент"ни газдан кўмирга ўтказиш мақсадида Хитой ширкати билан музокаралар олиб борилаяпти.

Хўш, газ билан ишлашга мослашган корхонани кўмир билан ишлашга ўтказиш қанчалар осон ва бу жараён қанча вақтни олади? Энергетика масалалари бўйича эксперт Анвар Ҳусаинов айтишича, бу қийин иш эмас.

«Сўнгги йилларда табиий газ нархининг ошиб кетгани машинасозларни кўмирдан газ олишга ундаган, бу борада ҳам катта ғалабаларга эришилган. Биз Россия газини узатишни тўхтатиб қўйганидан кейин Украина 2009 йилдан 2011 йилгача Россия газига эҳтиёжини 2 баравар камайтиргани ҳақида эшитдик, у ерда газ билан ишлайдиган корхоналарни кўмир билан ишлашга ўтказишган. Бундай технологиялар унча қиммат ҳам эмас, уларни 2-3 ой ичида ўрнатиш мумкин”, дейди Анвар Ҳусаинов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Тожикистоннинг кўмир захиралари мамлакат эҳтиёжини тўла қондиради, дейишади расмийлар

Ўзбекистоннинг Тожикистонга узатадиган газининг чорак қисми ёки йилига 50 миллион кубометргачасини ишлатадиган ва Тожикистон хазинасига тушадиган валютанинг асосий қисми манбаи ҳисобланадиган ТАЛКО- Тожик Алюминий заводидан хабар беришларича, улар ҳам газогенератор ўрнатганлар ва завод эҳтиёжини қондирадиган даражада газ олаяптилар.

Агар Тожикистон Ўзбекистон газига қарамликдан воз кечишни хоҳлаб қолиб барча корхоналарини табиий газдан кўмирга ўтказишга қарор қилса, мамлакатнинг кўмир заҳиралари ўз эҳтиёжини қондиришга етадими?

Мушкуллик янги имкониятларни қидиришга ундаяптими?

Расмий манбаларга кўра, Тожикистоннинг кўмир захираси 5 миллиард тоннани ташкил этади, кўмир конларининг мамлакатнинг барча минтақаларида мавжуд.

Ўзбекистоннинг Тожикистонга газ узатишни тўхтатгани икки мамлакат муносабатларининг энг совуқлашган нуқтаси деб ҳам кўрилди, Тожикистоннинг икки элчихонаси қўшни мамлакатлардан Ўзбек-Тожик муносабатларини яхшилашда кўмак ҳам сўрадилар. Бироқ Тожик жамиятида Ўзбекистоннинг охирги пайтдаги сиёсати Тожикистон тараққиётига хизмат қилади, деган фикрлар айтила ҳам бошлаган. Мухбиримиз Мардон Муҳаммаднинг айтишича, хусусан бу ҳақда Тожикистон парламенти қўмиталаридан бири раиси, коммунистлар раҳбари Шоди Шабдолов ҳам айтган.

“Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан икки амали – биринчиси, газ узатишнинг тўхтатилиши ва жанубий Тожикистонга борадиган темир йўлнинг бузиб ташланиши дастлаб зарар келтирган бўлса, иккинчи тарафдан Тожикистонга ёрдам бўлаяпти. Бунинг натижасида Тожикистон барча саноат корхоналарини кўмирга ўтказаяпти. Ундан кейин Ўзбекистонга қарамлигидан қутулиш учун Душанбедан жанубий Тожикистонга темир йўл қурилишини бошлади. Ҳозиргача бу темир йўлнинг 50 километри қурилди. Бу қурилиш бир йил мобайнида қуриб битказилиши мумкин. Буларнинг бари Тожикистон ривожланишига хизмат қилаяпти, деган фикрларни эшитиш мумкин”, дейди Би-би-си мухбири.

Бу мавзуда батафсилроқ