Ўш марказида кекса одам ўзига ўт қўйган

Image caption Расмийларга кўра, Қанибек Сайитбеков мамлакатдаги тинимсиз намойишларга қарши норозилик сифатида Ўшдаги Ленин ҳайкали олдида ўзига ўт қўйган

Ўшлик нафақахўр Қанибек Сайитбеков шаҳар марказий майдонида ўзига ўт қўйган.

Қирғизистон расмийларига кўра, Олой туманидан бўлган 65 яшар отахон якшанба оқшом касалхонада оламдан ўтган.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги Қанибек Сайитбеков Қирғизистондаги намойишларига қарши норозилик сифатида ўзига ўт қўйганини айтмоқда.

Расмийлар воқеа жойида марҳумнинг кийим-кечак ва дафтари топилганини, унда ўз жонига қасд қилиш сабаби ёзилганини даъво қилишмоқда.

"Менинг ўлимимга сабаб - Қирғизистондаги митинглар жонимга тегиб кетди" - каби битиклар бор, деб айтади Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари.

Сўнгги ҳафталар давомида парламентдаги мухолифат Қирғизистоннинг турли минтақаларида аксилҳукумат намойишларини ташкил этиб келишади.

Аммо Қирғизистондаги Би-би-си журналистига кўра, марҳум Сайитбековни яқиндан билган одамлар унинг ўз жонига қилиши сабаби аслида сиёсий эмас, деб айтишган.

Хусусан, унинг шахсий ҳаётидаги қийинчиликлар ва ижтимоий муаммолар бу қадамга ундаган бўлиши мумкинлигини айтишган.

Аммо ҳозиргача марҳумнинг шахсий ҳаёти борасида кўп тафсилотлар аниқ эмас.

Унинг исми, ёши ва қаерлик экани ҳақидаги маълумотларни эса касалхонага келтирилган пайти шифокорларга ўзи айтган, дейилади. Айни дамда, расмийлар унинг жасади дафн этиш учун яқинларига қайтарилганини айтишмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вебсаҳифасидаги хабарда ёзилишича, унинг ён дафтарчасида яна бир илтимос битилган бўлган.

"Имкони бўлса менинг кекса рафиқамга ёрдам қилинглар, илтимос".