МО Афғонистон билан чегаралар мустаҳкамланишини истайди

Тожик-афғон чегараси Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption МО давлатлари НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилгач, минтақада хавфсизлик муаммолари кучайишидан хавотирдалар

Венада БМТ, Оврўпо Иттифоқи ва Марказий Осиё (МО) давлатлари вакиллари иштирокидаги анжуманда, Афғонистондан халқаро кучлар чиқиб кетгач, чегарларни қўриқлаш масаласи муҳокама қилинди.

Анжуман бундан 10 йил аввал ташкил этилган МО Чегаралар Хавфсизлиги Ташаббус Гуруҳи томонидан уюштирилди.

Унда янграган асосий талаблардан бири НАТО ва Ғарб давлатларининг чегарларни мустаҳкамлаш ва қўриқлаш ишида кўмак кўрсатишлари борасида бўлди.

Лекин анжуманда, шу билан бирга, чегарларни мустаҳкамлаш савдо-сотиқ ва фуқароалрнинг эркин сафарлари йўлида қўшимча тўсиқларни яратмаслиги зарурлиги ҳам таъкидланди.

Австралия Афғонистондан ўз қўшинларини белгиланганидан бир йил эртароқ, яъни шу йил охирига қадар олиб чиқиб кетишини айтар экан, бу баёнот Венадаги анжуман қатнашчилари эътиборидан четда қолмади.

Афғонистондан хорижий кучлар чиқиб кетиши ортидан минтақадаги мураккаб чегара тизимига эга давлатлар учун оқибатлари қандай бўлиши бу анжуманда кўтарилган асосий масала эди.

Хорижий кучларнинг чиқарилишини МО давлатлари, ўта қўрқув билан бўлмаса ҳам, анчайин хавотир билан кутмоқдалар.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу йил бошида Америка ва иттифоқчи кучларнинг Афғонистондан чиқарилиши террорчи ва радикал гуруҳлар хавфи ва минтақадаги тангликнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини айтганди.

Венадаги анжуманда қатнашган Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов ҳам 2014 йилдан кейин чегара оша гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси каби муаммоларнинг ўсишидан огоҳлантирди.

МО Чегаралар Хавфсизлиги Ташаббус Гуруҳи айни ана шу муаммоларни кўриб чиқиш учун тузилган.

Гуруҳга МО давлатлари, Россия, Оврўпо Иттифоқи, БМТ гиёҳванд моддалрага қарши кураш агентлиги ва Оврўпода Хавсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти аъзо.

Уларнинг аксари бу соҳада ўзларининг турли лойиҳаларини амалга ошириб келади, чегара қўшинларини тарбиялаш ва лозим жиҳозларни етказиб бериш билан шуғулланади.

Анжуманга мезбонлик қилаётган Австрия ва БМТ вакиллари чегара хавфсизлигини ошириш эҳтиёжи минтақадаги мамлакатлар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар йўлида тўсиқ бўлмаслиги кераклиги ҳақида гапиришди.

Марказий Осиёда айнан шу соҳада охирги йилларда орттирилган тажриба рисолладагидек бўлмади.

Чегарларнинг ёпилиши маҳаллий савдогарлар ва аҳоли вакилларининг сафарларида мушкулликлар яратди.

Минтақадаги баъзи давлатлар ҳозирда халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами НАТО Афғонистондан олиб чиқиб кетиладиган қурол-яслаҳаларнинг бир қисмини уларнинг хавфсизлик кучларига ташлаб кетилишини ҳам ўз ичига олади дея умид қилмоқдалар.

Лекин бу масала кўпроқ МО давлатлари орқали қуролли кучлар ва жиҳозларнинг олиб чиқилиши масаласи кўриб чиқилар экан, НАТО ва алоҳида давлатлар ўртасидаги музокаралар чоғида кўтарилса керак.

Бу мавзуда батафсилроқ