Қирғизистон: Бишкекда ўзбек тилига қарши намойиш бўлиб ўтди

Image caption 2010 йил июнидаги зўравонликлардан буён миллий муносабатлар таранглигича қолаётгани айтилади

Бишкекдаги Таълим вазирлиги олдида намойиш ўтказган ўшлик бир гуруҳ қирғиз ёшлари ўзбек тилида имтиҳон ва синовлар ўтказишни тақиқлашни талаб қилганлар.

Намойишчилар ўзларини "Қирғиз халқ қаҳрамонлари ҳаракати" ва "Қирғиз ёшлар кенгаши" фаоллари деб танитишган.

Улар имтиҳон ва синовлар давлат тили бўлмиш қирғиз ҳамда расмий мақомга эга рус тилларида бўлиши кераклигини айтишган.

Бишкедаги мухбиримизнинг айтишича, намойиш қатнашчилари "ўзбек тилидаги синовлар ноқонуний" деган варақаларни ҳам тарқатишган.

Намойишчилар қаршисига чиққан Таълим вазирлиги мулозими ўзбек тилида имтиҳон топшириш фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари эканини тушунтиришга ҳаракат қилган.

Таълим вазирлигининг Олий ва махсус таълим бошқармаси бошлиғи Абдуманноп Йўлдошевга кўра, Қирғизистондаги ўзбек тилида таълим берувчи 135 мактабда 112 мингдан зиёд ўқувчилар таҳсил олишади.

Ҳар йили 2000 мингга яқин ўқувчи-талабалар ўзбек тилида имтиҳонлар топширишади.

"Уларнинг ҳаммаси Қирғизистон фуқаролари" деб таъкидлаган мулозим.

Ўзбек тилидаги синов ва имтиҳонлар масаласи чоршанба куни қирғиз парламентида ҳам муҳокама этилган.

Мутахассислар тил масаласида ўйламай қарорлар қабул қилиш мамлакатдаги миллий тотувликка путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Янги тўқнашувлар хавотири

Қирғизистон жанубида 2010 йил июнидаги этник зўравонликлардан буён ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолаётгани айтилади.

17 апрел куни Ўш шаҳрининг Мануев кўчасида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида тўқнашув келиб чиққани ҳақида хабарлар олинган.

Central Asian News хабар агентлигининг шоҳидларга таяниб, хабар беришича, ушбу кўчадаги ёнилғи қуйиш шоҳобчасига келган автоулов эгаси ва ўзбек сотувчиси ўртасида тўлов юзасидан бошланган тортишув тезда катта жанжалга айланиб кетган.

Ёнилғи қуйиш шоҳобчасида кўплаб машина ва 100га яқин одам тўпланиши ортидан ҳодиса жойига етиб келган милиция жанжални тўхтатгани айтилади.

Бир неча киши ҳибсга олингани хабар қилинган.

Аммо Ўш шаҳар милицияси ҳодиса ҳақидаги хабарларни рад этган.

Қирғиз расмийлари, шунингдек, Бюрюсселда жойлашган Алишер Навоий институтининг мамлакат жанубида янги этник тўқнашувлар юз бериши эҳтимоли билан боғлиқ хавотирларини ҳам рад этган.

"Қирғизистон жанубида сиёсий вазият осойишта", дейилади Ўш шаҳар ҳокимининг идораси тарқатган баёнотда.

Алишер Навойи институти Қирғизистонда сиёсий вазият тарангалашгани ва сиёсий кучлар миллий масаладан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Аввалроқ Халқаро Иниқроз гуруҳи ҳам шу каби огоҳ билан чиққан.

Ҳар икки ҳисоботда ўзбек аҳолисининг сиёсий ва жамият ҳаётидан четлатилгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ