Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўнлаб аъзолари ҳукм этилди

Image caption Аксарият айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишмаган. Уларга кўра, кўрсатмалар қийноқлар остида олинган

Шимолий Тожикистондаги маҳкама Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзолик ва алоқадорликда айбланган 34 киши устидан ҳукм чиқарган.

Барчаси Сўғднинг Исфара туманидан бўлган айбланувчиларга 8 йилдан то 28 йилгача қамоқ жазолари белгиланган.

Бу - Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига доир Тожикистон кўриб чиққан энг йирик жараёнлардан биридир.

Бугунги якуний маҳкама жараёни ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Бирор бир журналист ёки инсон ҳуқуқлари фаолларининг киришларига изн берилмаган.

Ўтган йил ёзида бошланган ва шу кунга қадар давом этган маҳкама жараёни давомида айбланувчилар ҳаммасининг ҳам ЎИҲ аъзолари эмасликлари аниқланган.

Аммо улар ҳаракат аъзоларига ёрдам бериш ва фаолиятларида кўмак беришда айбланишган.

Айбланувчилар ўтган йил Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида амалга ошмай қолган икки портлаш ҳодисасини текшириш чоғида қўлга олинганлар.

Ўшанда туман хавфсизлик хизмати ва ташқи ишлар бўлинмаси бинолари олдида портловчи моддалар юкланган иккита автоулов топилганди.

Маҳкамага тортилган шахслар терроризмга алоқадор айблар билан ҳибсга олинишганди.

Аммо айбланувчиларнинг кўпчилиги ўзларига қўйилган айбловларни рад этганлар.

Уларнинг айтишларича, кўрсатмалар қийноқлар остида олинган.

Маҳкама ҳукми ортидан, судланувчиларнинг ҳимоячилари шикоят аризаси билан чиқиш истагида эканликларини билдиришган.

Шу пайтгача Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қўшилишда айбланган ўнлаб тожикистонликлар жазога тортилганлар.

Аммо, Душанбедаги мухбиримизга кўра, ўттиздан ортиқ кишининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда айбланиб, узоқ йилга ҳукм этилиши илк бор кузатилаётган воқеиликдир.

Бу мавзуда батафсилроқ