Тожик ҳукумати энди тандирларга қарши курашмоқчи

Image caption Уйда нон пишириш аксарият тожик оилаларига сал бўлса-да шундоқ ҳам ҳаминқадар бўлган даромадларини тежашларига имкон беради...

Пойтахт Душанбе масъуллари шаҳардаги тандирларни суриб ташлашга қарор қилишган.

Улар ўз қарорлари сабабини 90 йиллик юбилейи муносабати билан Душанбе шаҳрига байрам шукуҳини бериш билан изоҳлашган.

Шўролар Иттифоқи қулаши ва 90-йиллар бошларида кузатилган фуқаролар уруши ортидан пойтахт эканига қарамай, Душанбеда тандирлару, улардан фойдаланувчилар сони ортиб кетган.

Шаҳар ҳокимлиги эса, энди аҳолига ўз ихтиёрлари билан кўчаю ҳовлилардаги эстетик меъёрларга жавоб бермайдиган тандирларини бузиб ташлашларини таклиф этмоқда.

Душанбенинг кўркига кўрк қўшишга даъват этишаркан, масъуллар пойтахтга беришни истаётган шарқона қиёфани, сўзсиз, тандирларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Аммо, уларга кўра, тандирлар хамир тоғораю ўтинлар сақланувчи қўлбола ҳужралар туташ қиёфада эмас, кўзни қувонтирувчи шаклда бўлмоғи лозим.

Назорат

Душанбедаги мухбиримиз Анора Саркорованинг хабар беришича, пойтахтнинг ҳар бир туманида ташкил этилган махсус ҳайъатлар ҳокимлик тавсияси қандай бажарилаётганини назорат этишади.

Аён бўлишича, ҳокимлик ташаббуси шаҳарнинг кўркини бузиб турган нонвойхоналарни ҳам четлаб ўтмайди.

Маҳаллий кузатувчилар эса, Тожикистондаги иқтисодий муаммолар ва қашшоқлик ҳоллари барҳам топмас экан, бу каби таклифу тавсияларнинг иш бермаслигини айтишади.

Чунки уйда нон пишириш аксарият тожик оилаларига сал бўлса-да шундоқ ҳам ҳаминқадар бўлган даромадларини тежашларига имкон беради.

Аҳоли нима дейди?

Image caption Маҳаллий аҳоли тандирларсиз кунлари қандай ўтишини тасаввур ҳам қила олмасликларини айтишади

Сўнгги йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин кўтарилиши Тожикистондаги ночор аҳоли қатламининг аҳволини ниҳоятда оғирлаштирган.

Чунки мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларидаги нарх-наволар шаҳарларидагисидан ҳам баланд, дейди мухбиримиз.

Дейлик, давлат ишида ишлайдиган фуқаронинг минимал иш ҳаққи бир қоп ун сотиб олишга етмас экан.

Душанбеклик шифокор Зарифамо Ашурова уйда ўзлари нон пиширишмаса, кунлар ўтмаслигини айтади.

Фарзандлари кўп эмасми, у шундай қилиб, маошини у ойдан бу ойга зўрға етказади.

"Мен тандирларнинг ташқи қиёфаси ҳеч қандай талабларга жавоб бермаслигини тан оламан. Аммо, шунда ҳам, муаммодан чиқишнинг бирор бир йўлини кўрмаяпман. Агар уйда пиширмасак, нонсиз қоламиз. Чунки сотиб оламан, десангиз, чўнтагингиз кўтармайди", дейди у.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи камбағалликда яшайди. Йигирма фоизга яқинининг аҳволи ўта ночор.

Мамлакат аҳолисининг аксарияти эса, шундоқ ҳам топган пулини асосан ейиш-ичишларига сарфлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ