Қирғизистон вазири: Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бу йил ҳам ўзбек тилида топширилади

Image caption Охирги вақтларда Қирғизистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ўзбек тилида ўтказишни бекор қилиш талаблари янграй бошлаган.

Қирғизистон Маориф ва Фан вазири Қанот Содиқов ўзбекзабон мактаблари битирувчилари бу йил ҳам олий ўқув юртларига имтиҳон ва синовларни она тилларида топширишлари мумкинлигини билдирди.

Бу йил Қирғизистондаги ўзбек мактабларини етти мингга яқин ўқувчи битирмоқда.

Улардан тахминан бир ярим минг битирувчи олий ўқув юртига кириш режасига эга эканлигини билдирган.

Охирги вақтларда "Қирғиз ёшлар кенгаши" ва "Интимак" каби ташкилотлар ўзбек тилида имтиҳон топшириш ҳуқуқи бошқа миллий озчиликлар ҳуқуқларини чеклаш билан баробар, дея бекор қилишни талаб қилиб чиққандилар.

Бир ҳафтача аввал пойтахт Бишкекка Ўш шаҳридан бир гуруҳ қирғиз ёшлари келиб, Маориф ва Фан вазирлиги ҳамда Олий Кенгаш бинолари қаршисида норозилик намойиши ўтказгандилар.

Улар ўзбек тилида имтиҳон ва синовлар ўтказишни тақиқлаш талабини илгари сургандилар.

Лекин Қирғизистон парламенти қўмитасида ушбу масаланинг муҳокамаси вақтида гапирган халқ вакили Наталья Никитенкога кўра, Қирғизистон конституциясида мамлакатдаги миллий озчиликлар ҳуқуқлари очиқ-ойдин ёзилган ва ўзбек тилидаги имтиҳон-синовларни бекор қилиш инсон ҳуқуқлари ва конституция моддаларининг бузилишини англатади.

Умумреспублика миқёсида имтиҳон ва синовлар Қирғизистонда ўн йилдан бери ўтказилади.

Маориф вазирлиги расмийларининг билдиришларича, 2002 йилдан бери умумреспублика имтиҳон-синовлар қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилмокда.

Лекин кириш имтиҳонларини ўзбек тилида топширган билан олий таълимни ўзбек тилида олиш имкони Қирғизистонда мавжуд эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ