Қозоқ ҳукумати 'Борат'дан миннатдор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатига сайёҳларнинг қизиқишини ниҳоятда ошириб юборгани учун вақтида ўзи намойишини тақиқлаб қўйган "Борат" фильмидан миннатдор эканини билдирган.

Вазир Ержан Қазихановнинг сўзларидан аён бўлишича, фильм намойиши ортидан, Қозоғистон чет элликларга бераётган визаларнинг сони ўн маротабага ортиб кетган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири яна бу ҳақда парламент мажлиси чоғида баён қилган.

Жаноб вазир бунинг учун британиялик ҳажвчи Саша Барон Коэнга ўз "миннатдорчиликларини изҳор этган".

"Борат: Америка билан маданий танишиш шарафли Қозоғистон халқи учун фойдалидир" фильми 2006 йилда ишланган.

Мазкур фильм танқидчилар томонидан катта шов-шув билан кутиб олинган.

Унда Қозоғистондаги қишлоқ ҳаёти ва бош қаҳрамон - қозоқ журналистининг Америкадаги ҳаёти ҳажвий бир тарзда ҳикоя қилинади.

Аммо фильм сюжети қозоқ жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлади.

Бунинг ортидан, Қозоғистонда "Борат" фильми намойиши тақиқланади.

Масъуллар, ҳатто, мамлакатда Саша Барон Коэннинг веб саҳифасига имкониятни ҳам чеклаб қўйишади.

Ўшандан буён фильм номининг қаердадир янграши ҳам, қозоғистонлик мулозимларнинг ғашларига тегиб келарди.

Ўтган ой Қозоғистон "Борат" фильми билан боғлиқ машмаша боис Осиё Олимпия Қўмитасига расман шикоят хати билан ҳам чиққан.

Бунга Қувайтда бўлиб ўтган спорт мусобақаси чоғида қозоғистонлик ғолиба шарафига давлатники эмас, фильмдан олинган мадҳиянинг янграши сабаб бўлган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг ўзи эса, фильмга фалсафий ёндашганини айтади.

"Борат"

Саша Барон Коэн янги фильми унинг Америка Қўшма Штатларига қилган сафарига асосланган.

Фильмда қозоғистонлик сохта журналист Боратнинг бирор бир нарсадан шубҳаланмаётган америкаликлар билан муомалалари тасвирга туширилган.

Америкаликлар олдида Борат атайин жинсий, ирқий таҳқирлайдиган гапларни айтади, яҳудийларни, бесоқолбозларни сўкади.

Айрим шарҳловчилар Боратнинг янги комедиясини "одам ўзини кулгидан тўхтатолмайдиган" ва "йилнинг энги кулгили фильми" дея баҳоладилар.

Бироқ ҳамма ҳам британ ҳажвчисининг янги фильмини ҳазил сифатида қабул қилишмайди.

Айниқса, Қозоғистон расмийларига ўз мамлакатининг ўта қолоқ бир мамлакат сифатида тақдим этилаётгани маъқул тушмайди.

Бироқ бошида Саша Барон Коэннинг сохта қозоқ журналисти сифатидаги чиқишини оғриқли қабул қилган Қозоғистон расмийлари бугунга келиб тоқатли муносабат қилаётганларини кузатиш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ