Қозоғистон Президенти: Ғарб ўз қадриятларини зўрлаб ўтказмоқда, рангли инқилоблардан эса наф бўлгани йўқ

"Россия -24" телеканалига берган интервюсида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, баъзи мамлакатлардаги вазиятларга аралашиш йўлида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш хавфсизлик муаммоларни келтириб чиқармоқда.

"Турли халқларнинг ўзгача дунёқарашлари, тарихий ва анъанавий ўзига хосликлари назарда тутилмаяпти. Америка томонидан тарғиб қилинаётган ғарб маданиятини тўғридан -тўғри олиб келиб, ўрнатиш мумкин эмас", деди жаноб Назарбоев.

Қозоғистон Президентига кўра, ўтган йил мобайнида турли инқилобий вазиятларни бошдан кечирган давлатлар иқтисоди ривожланиши 15 йилга ортга қайтди.

"Рангли инқилоблар туфайли Украина иқтисод соҳасидаги ўзининг пешқадам мавқеини қўлдан бой берди, Гуржистон эса қарзга ботиб, фойда фоизларини тўлашга мажбур бўлиб ётибди", деди суҳбат мобайнида Нурсултон Назарбоев.

Жаноб Назарбоевга кўра, Собиқ Иттифоқ давлатлари аҳолисининг онги ойдинлашиб бормоқда, шунинг учун бу ҳудудда келгуси рангли инқилоблар эҳтимоли кам.

"Қирғизистон деярли мутассил инқилобларни бошдан кечирмоқда, лекин халқнинг ҳаёти яхшилангани йўқ", деди жаноб Назарбоев.

Жаноб Назарбоев шунингдек, Миср, Ливия ва Тунсида исломий ҳаракатлар тобора кўпроқ бўй кўрсатаётганидан хавотир билдирди.

"Исломий ҳаракатлар Шариат қонунларига кўпроқ мойил эканликларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу инқилоб ва давлат тўнтаришлари орқали эришилган нарса шу бўлмоқда", деди Қозоғистон Президенти.

Лекин жаноб Назарбоевга кўра, сиёсий ҳаракатлар томонидан глобал матбуот - Интернетдан фойдаланиш кузатилаётганлигига қарамай, Қозоғистонда Интернетга чекловлар киритилмайди.

"Биз ўзимизни ихоталаб олмоқчи эмасмиз. Чунки ривожланиш шу йўлда кетмоқда, биз ҳам ўша йўналишда юрмоғимиз лозим", деди жаноб Назарбоев.

Лекин Қозоғистонда кўплаб блоглар ва вебсаҳифаларга тақиқ қўйилган ва маҳаллий фойдаланувчилар учун ёпиқ.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар ҚОзоғистондаги иносн ҳуқуқлари ва демократия соҳасидаги камчиликлари учун танқид остига олиб келадилар.