Тожикистон жанубий ҳудудларини яна чигиртка босди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCpersian.com

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятининг етти туманидаги экинзор ва яйловларни чигиртка босган.

Хатлон вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси хабарига кўра, "Марокаш чигирткаси" галаларининг ёпирилиб келиши оқибатида янги униб чиққан экинлардан тортиб яйловлардаги ўтларгача катта зарар етказилган.

Ҳозирча чигиртка келтирган умумий зарар ҳисоблаб чиқилган эмас. Лекин расмийлар бу зарарнинг ўн минглаб сомоний (5 сомоний 1 АҚШ долларига тенг) эканлигини тахмин қилишмоқда.

Тожикистонлик мутахассислар фикрига кўра, чигиртка кўпроқ қўшни Афғонистон ва Ўзбекистондан ўтиб келади. Улар бунга қўшни мамлакатларнинг чегараолди туманларида чигирткага қарши етарли кимёвий кураш олиб борилмаётгани сабаб дейишмоқда.

Айни бир пайтда маҳаллий деҳқонлар ва чорвадорлар Тожикистоннинг ўзида ҳам чигирткага қарши кураш учун зарур воситалар етарли эмаслигини айтишади.

Мутахассисларнинг айтишларича, "марокаш чигирткаси" юздан ортиқ чигиртка турлари орасида иссиққа энг чидамли ва хавфлиси ҳисобланади.

"Чигиртка босқини бизда уч-тўрт йилдан бери давом этмоқда, - дейди тоғ ёнбағридаги Айри қишлоғида яшайдиган деҳқон. - Биз чигиткалар ёприлгандан сўнг уруғлик ва ер ҳайдаш, экин экиш учун сарфланган ёнилғига, меҳнатимизга куйиб қоляпмиз."

Қўшни Мастчоҳ туманидаги деҳқон хўжаликларидан бири бошлиғининг айтишича чигирткага самарали кураш олиб бориш учун дахлдор ташкилотлар томонидан етарли тайёргарлик кўрилмайди.

Тожкистон қишлоқ хўжалик вазирлиги маълумотларига кўра эса, мамлакатда 2015 йилгача мўлжалланган чигирткага қарши кураш дастури ишлаб чиқилган. Бу дастур доирасида мамлакат бюджетидан чигирткага қарши кураш учун деярли 10 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ажратилган.

Лекин ажратилган бу маблағ чигиртка хавфини аритиш учун етарли бўлмаётир.

Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик дастурлари тожикистонлик деҳқонларга кўрсатаётган ёрдам ҳам чигиртканинг тез кўпайиб кетиши олдини ола олмаётир.

Бу йил ҳали экин-тикин мавсуми бошланмасидан олдин БМТ чигирткага қарши кураш учун Тожикистон Қишлоқ хўжалик вазирлигига сунъий йўлдош воситасида алоқа қилиш техникаси, бир неча махсус мослама, 20 та қўл ёрдамида ишлов бериш жиҳози ва бошқа махсус техникалар, шунингдек махсус иш кийимлар етказиб берган.

Кузатувчилар фикрича чигиртка босқинидан фақат Тожикистон эмас, Афғонистон ва Ўзбекистон далалари, боғ ва яйловлари зарарланаётгани ҳисобга олинса, қўшни мамлакатларнинг кучларни бирлаштиришлари ва бир пайтда кураш олиб боришлари зарарли ҳашаротни йўқотишда самара беради.