Жанаўзен маҳкамаси гувоҳи: интервью учун тазйиққа қолдим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон ғарбидаги Ақтау шаҳрида 16 декабр куни Жанаўзенда оммавий тартибсизликларни уюштириш ва содир этишда гумон қилинаётган 37 айбланувчи устидан маҳкама давом этмоқда.

Қаттиқ назорат остида ўтаётган маҳкамага 150 километр масофадаги Жанаўзендан гувоҳлар келиб кўрсатмаларини беришмоқда.

Гувоҳларнинг аксари айбланувчиларга тергов жараёнида берган кўрсатмаларини қайтариб олишган.

Маҳкама раиси гувоҳларга очиқ гапиришга имкон бераётган бўлса-да, кузатувчилар маҳкаманинг сўнгги қарори қандай бўлишидан хавотирда эканлигини билдиришган.

Ақтау шаҳри микроттуманларининг бирида жойлашган “Арман” ёшлар маркази. Кўпроқ бирор университетнинг маданият саройини эслатадиган ушбу иншоотнинг залида қарийб бир ойдан бери 37 киши устидан маҳкама жараёни кетмоқда.

Тахминан 150 кишига мўлжалланган залнинг ярмидан кўпи тўлган. Судланувчиларнинг яқинлари, гувоҳлар, журналист ва кузатувчилар жараённи бевосита кузатиб бормоқда.

Судланувчиларнинг бир қисми ойна билан ўраб олинган жойда турибди, яна бир қисми эса уй қамоғида бўлганлиги боис залнинг биринчи қаторидаги ўриндиқларда ўтирибди.

Маҳкама очиқ бўлаётган бўлса-да, залнинг ичида ҳар қандай овоз ёзиш, сурат ва тасвирга олиш воситаларидан фойдаланиш тақиқланган. Журналистлар фақат қоғоз ва қаламдан фойдаланиши мумкин.

Журналистлар ва залга сиғмай қолганлар учун иккита алоҳида хона ажратилган ва маҳкама тўғридан-тўғри экран орқали кўрсатилади. Ҳакам Аралбай Нағашибаев томонларнинг тасвирга олишга қарши эмаслигига қарамай, ҳаттоки журналистлар учун ажратилган хонада ҳам ҳар қандай электрон ёзиб олишларни тақиқлаган.

Айбланувчилар тергов вақтида қийноқларга тутилганини айтишди ва айбларни рад этишди. Жабрланганлар ҳам аксари маҳкамага тортилган 37 кишининг воқеа жойида айнан кўрмаганини таъкидлашди ва уларнинг кўпчилиги етказилган зарарни улардан ундириб олишдан бош тортди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тергов вақтида айбланувчиларга қарши гувоҳлик берганларнинг деярли аксари маҳкамада ушбу кўрсатмаларига зид жавобларни айтди. 60 ёшли Мукан Тойкулиев тергов жараёнида босим остида суратдаги одамларни тартибсизликлар давомида кўрганини айтишга мажбур бўлган.

"Улар мени тунда сўроққа олиб кетишди. Расмларга қараб қолсам, ўшами деб мени турткилаб сўраб қолишади. Сўроқ қилганларнинг кимлигини билмайман, балки жиноий қидирув бўлими ходимлари бўлиши мумкин. Менинг олдимда "боксчиларни чақир" деб гаплашишди. Спортчиларни бировни ёки мени уриш учун чақирган бўлиши мумкин. Терговда берган кўрсатмамдан воз кечаман”, - деди Мукан Тойкулиев.

Маҳкамада кўрсатма берган гувоҳлар тергов жараёнида қаттиқ қийноқларга тутилганини иддао қилишди.

Гувоҳларнинг айримлари бошига елим халта кийдирилиб, ва тўқмоқлар билан калтакланишганини сўзлашди.

Ҳакам ушбу кўрсатмаларни сабр билан эшитди ва гоҳида "сизларнинг ёлғон кўрсатмангиз билан айбланувчилар қафас ичида ўтирибди. Нимага бундай деб имзо чекдинглар", - дея эътироз билдирди.

Ташқарида гувоҳлик бериш учун келганлар қайси оммавий ахборот воситаси вакили эканимизни қизиқиш билан сўрайди, лекин интервью беришдан бош тортишади.

Маҳкамада оташин нутқ қилган ва воқеаларда нефт компанияси ва шаҳар раҳбарларини айблаган гувоҳлардан бири ҳам интервью беришни истамаслигини айтди.

"Бошқа нашрларга интервью берганим учун миллий хавфсизлик қўмитаси тазйиқ ўтказди", - дейди у.

Маҳкама жараёнида томонларнинг сабр билан тингланиши судланувчилар ва уларнинг яқинларида умид пайдо қилган, аммо сўнгги қарор қандай бўлишини ҳеч ким билмайди.

"Жанаўзен 2011" халқаро қўмитаси аъзоси Ерлан Калиев гувоҳларнинг ҳаммаси судланувчиларга берган қарши кўрсатмаларидан воз кечганини айтади. Унга кўра маҳакама сўнгида тўғри қарор чиқариш фақат ҳакамга боғлиқ.

"Албатта, сўнгги қарорни ҳакам чиқаради. Барча жараённи бошдан охир кузатиб шундай хулосага келдимки, судланувчиларнинг ўрнида умуман бошқа одамлар ўтирибди", - дейди Ерлан Калиев.

Жанаўзен шаҳрида 16-17 декабр кунлари бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларни уюштиришда ва содир этишда гумон қилиниб 37 киши маҳкамага тортилган. Уларнинг аксарияти 7 ой давомида маошларининг оширилишини талаб қилиб шаҳар майдонида турган нефтчилардир.

Бу мавзуда батафсилроқ