Ж.Робертс: "Туркман газини Ўзбекистон орқали Тожикистонга етказишнинг имкони бор"

Image caption Эрон гази Тожикистонга қачон келади?

Тожикистон ахборот агентликларининг хабар беришларича, Тожикистон ва Қирғизистон яқин орада Эрондан газ импорт қилиш борасида музокараларни бошлайдилар. Айтилишича, Эрон газини Афғонистон орқали Тожикистон ва ниҳоят Хитойга қадар олиб бориш лойиҳаси борасида шу йил март ойида Душанбеда бўлиб ўтган олий даражали учрашувлар мобайнида келишиб олинган. Марказий Осиё орқали ўтувчи бу янги газ қувури лойиҳаси ҳақида нималар маълум? Айни йирик лойиҳани амалга ошириш қанчалар реал? Би-би-си Ўзбек хизмати ана шу саволлар билан газ ва нефт масалаларида мутахасис Жон Робертсга мурожаат қилган.

Жон Робертс: Маълум бўлгани шуки, Эроннинг Тожикистондаги элчиси Али Асқар Шердўст шу ой бошларида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги суҳбатида бу каби газ қувури қурилиши мумкин деган гапни айтди. Унга кўра, март ойида Душанбеда Афғонистон, Эрон ва Тожикистон раҳбарлари саммити мобайнида Эрондан бошлаб қолган икки мамлакат орқали ўтиб Хитойга қадар борадиган йўл қурилиши ҳақида битим имзоланган. Бу битим, бизнинг фикримизча, Марказий Осиёда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалардан биридир. Лекин элчининг илова қилиб айтишича, агарда бу каби йўл қурилса, шунисига эътибор қаратинг, у "агар" деб айтди, демак, агардаки бу каби йўл қуриладиган бўлса, айни йўл билан бирга Эрондан газ ва нефт ташувчи ва эвазига Тожикистондан Эрон ҳамда Форс кўрфази давлатлари томон сув қувурини қуриш эҳтимоли ҳам ўртага чиқиши мумкин. Хуллас, йўл қурилиши ҳақидаги битим бир маънода қувур йўли қурилиши ҳақидаги битим сингари жаранглай бошади.

Би-би-си: Бу каби қувур йўлини қуриш бугун не қадар реал лойиҳа?

Жон Робертс: Бу каби лойиҳа бир қатор сабабли туфайли реалликдан узоқ дейиш мумкин... Энг асосий сабаб - Эронга қарши халқаро жазо чоралари. Бу жазо чораларига кўплаб мамлакатлар қўшилган ва улар орасида Хитой ҳам бор. Агарда Хитой бу каби газ импортига рози бўлмаса,Тожикистоннинг ўзигагина газ етказиш учун бу каби улкан лойиҳани қуриш молиявий жиҳатдан ўзини оқламайди. Бундан ташқари Афғонистондаги вазиятнинг мавҳум қолаётгани... Тожикистоннинг Ўзбекистондан етарлича газ олмаётгани мамлакатни жуда ноқулай аҳволга солмоқда. Тожикистон ва Қирғизистоннинг газ ва нефт эвазига таклиф қила оладиган бойликлари фақатгина сув. Хуллас, Марказий Осиёда сув ва газ борасида жуда узоқ давом этиб келаётган муаммоли вазият ҳануз давом этмоқда.

Би-би-си:Сиз айтган сабабларни назарда тутсак, Эрондан газ қувури ўтказиш лойиҳаси амалий бир таклифдан кўра, сиёсий бир изҳорот, шундай эмасми?

Жон Робертс: Менимча, бир маънода шундай десак бўлади. Тожикистон учун энг амалий ечим мавжуд қувур йўллари орқали газ олиш кўпайтиришга эришиш. Тожикистоннинг муаммосига ечим энг жўн бўлиши мумкин, яъни Ўзбекистондан келадиган газ ҳажмини ошириш. Лекин икки ўртадаги ишончсизлик, сув тақсимоти юзасидан хавотирлар бунга тўсиқ бўлмоқда деб ўйлайман.

Би-би-си: Яқинда Тожикистон Туркман газини Ўзбекистон орқали келтиришни сўраган вақти Тошкент техник жиҳатдан бунинг имкони йўқ, дея жавоб берганди... Ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Жон Робертс:Мен Туркманистон газини Тожикистонга етказиш техник жиҳатдан имконсиз эканлигига сабабларни кўра олмаяпман. Бунинг учун лозим бўлган қувур йўли тизими мавжуд. Балки бу қувур йўлларини таъмирлаб, баъзи жиҳатларини ривожлантириш талаб қилинар ва бунинг учун қандайдир маблағ ҳам керакдир. Лекин техник жиҳатдан Туркман газини Ўзбекистон орқали Тожикистонга етказиш албатта имконли деб биламан.