BBC navigation

Қозоғистон: иштонсиз чиқишлар ва "қатл қилинган панда" муаллифига нима бўлди?

Сўнгги янгиланиш 4 май 2012 - 12:18 GMT

Рассом қозоқ ҳудудларининг Хитойга сотилишига қарши норозиликлар доирасида ўйинчоқ панданинг бошини танасидан жудо қилганди

Қозоғистон Социалистик Ҳаракати таниқли рассом ва мухолифат фаоли Қанат Ибрагимов қамоқда қуруқ очлик эълон қилгани ва ўз жонига қасд қилишни режалаётганидан хавотир билдирган.

Ўзининг перформанс арт услубидаги аксил-ҳукумат томошалари билан ном чиқарган жаноб Ибрагимов 28 апрел куни Норозилар митингида ҳибсга олиниб, 15 кечаю кундузга қамоққа олинганди. Қанат Ибрагимовнинг бу йилги норозилик чиқишларига декабр ойида Жанаўзен шаҳрида юз берган қонли воқеалар сабаб бўлмоқда.

Социалистик Ҳаракатга номаълум киши қўнғироқ қилиб, Ибрагимов олдига тезроқ матбуот вакиллари киритилмаса ва "унинг дўппосланиши"га муносабат билдирилмаса, у ўзини ўлдириши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Мухолифат "дўппосланиш" деганда айнан нима назарда тутилаётгани - яъни Қанат Ибрагимовни қамоқда дўппослашаяптими ёки 28 апрел куни қўпол равишда ҳибсга олиниши чоғида етказилган жароҳатлар ҳақида гап кетаяптими - буни аниқ билмайди.

28 апрелда Норозилар ҳаракатининг Олма-ота шаҳрида ўтган рухсатсиз намойишида 400га яқин одам қатнашганди. Бир соат давом этган бу намойиш милиция томонидан тарқатилиб, Қанат Ибрагимов бошқа мухолиф фаоллари, Лариса Бояр ва Бахитжон Торегожинлар билан 15 суткага қамоққа олинганди.

Бу Қанат Ибрагимовнинг биринчи марта ҳибсга олиниши эмас. У шу йил 24 мартда Норозилар митингида чиқиш қилгани учун ҳам 15 кунга қамалиб чиққан. Ўшанда у "милиция ва маҳкама ўзбошимчалигига қарши" дея очлик эълон қилганди.

Қатл қилинган балиқ ва пандалар

Рассомнинг протест-томошалари ўз ранг-баранглиги билан жамоатчилик диққатини тортади

Қанот Ибрагимов ўзининг сенсацион протест-томошалари билан ном чиқарган.

Масалан, 2009 йилда у Республика газетаси журналистларига қарши Туран-Алем банкининг маҳкама иши, ҳамда Alem-Art жамғармаси санъаткорларидан беш ярим миллион долларни қайтариб олиш қарорларига қарши равишда намойиш ўтказиб, матбуот ва намойишчилар олдида ички иштонини ечганди.

У бу билан санъаткор ва журналистларнинг бисотидаги бор мулки тортиб олинаётганини айтмоқчи бўлган.

2010 йилда эса Қанат Ибрагимов Қозоғистон ерларининг Хитойга сотилиши борасидаги ҳукумат қарорларига қарши чиқиб, Олма-Ота марказида ўйинчоқ панда айиғининг бошини танасидан жудо қилган.

Айни йил ўтказган яна бир томошасида Қанат Ибрагимов шаҳар марказига чиқиб, балиқнинг бошини танасидан жудо қилган. У балиқнинг бошини чопиб ташлашдан аввал "Балиқ бошидан чирийди" дея қичқирган ва бу билан Президент Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатдаги сиёсий аҳвол ва коррупцияга жавобгарлигига ишора қилган.

Эътибор

Рассомнинг протест-томошаларини кузатиб борувчи Олма-отада ишлайдиган журналист Жоанна Лиллисга кўра, Қанат Ибрагимовнинг ранг-баранг томошалари одатда "музлаб қолган" дея тасвирланадиган сиёсий саҳнада жамоатчиликнинг эътиборини тортишга муваффақ бўлиб келаяпти.

Ибрагимов 2009 йилда президент қизи уюштиган матбуот форумини ҳам қисқа вақтга издан чиқарди

"Мен охирги марта у билан Президент Назарбоевнинг қизи Дарига Назарбоева ташкил қилган нуфузли матбуот форумида учрашдим, унда Қанат ёнида куй чалаётган скрипкачи аёл ёнига туриб олиб, "Слова на ветер", яъни "Бу бўлмағур гап сўзлар" дея қичқириб, форум иштирокчиларига қарата дордан осилган одам расми чизилган варақаларни отди. Мен ундан нимага бундай қилганини сўраганимда, у Қозоғистондаги матбуоат аҳволи ўта ёмон бўлиб қолаётган бир вақтда бу каби дабдабали матбуот форумига чет эллардан журналистлар атайлаб олиб келинганига қарши намойиш қилаётганини айтди," - дейди журналист.

Қанот Ибрагимовнинг бу йилги норозилик чиқишларига ўтган декабр ойида Жанаўзен шаҳрида юз берган қонли воқеалар ва улар ортидан ўтказилаётган, унинг таъбиридаги, адолатсиз маҳкама ишлари туртки бўлаяпти.

Рассом ўзини шу вақтгача сиёсий фаол дея тасвирлашдан бош тортиб келган бўлсада, унинг сўнгги намойишлари тобора сиёсий тус олмоқда.

Норозилар ҳаракатининг ҳибсга олинган аъзолари ва уларнинг аҳволи борасидаги маълумот матбуотга берилмаяпти.

Айни дамда Қозоғистон Социалистик Ҳаракати рассомнинг ўзини ўлдириши ҳақидаги огоҳлантиришни махсус хизматлар атайлаб тўқиб чиқараётган бўлиши, ва бу билан мақсад унинг руҳий носоғлом эканини намойиш қилиш бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.