Тожикистонда "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳи ноқонуний деб эълон этилди

Портлаш саҳнаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Жамоати Ансоруллоҳ" Хўжандда содир этилган ҳужумни ўз зиммасига олганди

Тожикистон Олий Суди "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳи фаолияти мамлакат ҳудудида таъқиқланиши борасида расмий тарзда эълон қилди.

Суднинг бу борадаги қарори Олий суд ҳаками Тоҳир Қодиров томонидан ўқиб эшиттирилди.

Қарор ўқилган йиғинда маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари, куч ишлатар тизимлари вакиллари ва ҳукумат қошидаги диний қўмита ходимлари бор эдилар.

Суд қарори Тожикистон Бош прокуратураси даъвоси асосида қабул қилинган.

"Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳи террорчи ва экстремистик ташкилот сифатида эълон қилинди.

Ҳакамнинг айтишича, бу қарорнинг қабул қилиниши "мамлакатдаги қонуний тузум ва хавфсизлик"ни таъминлашга хизмат қилади.

Тожикистонда "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳи ғояларини тарғиб этувчи ауди ва видео маҳсулотларни тарқатиш ҳам таъқиқланган.

Бу гуруҳнинг иккита интернет сайтига ҳам табу қўйилган ва уларнинг Тожикистонда тарқалиши учун тўсиқ қўйилган.

ЎИҲнинг Тожикистондаги бўлими

Қарор эълон қилинган йиғинда иштирок этган Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати вакили "Жамоати Ансуруллоҳ" ҳақида гапирар экан, унинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) Тожикистондаги бўлими экани ва "Ал-Қоида" томонидан маблағ билан таъминланишини айтган.

У мазкур гуруҳнинг 2010 йил сентябридаги Раштда кечган қонли ҳодисаларда, ўша йили Хўжанд шаҳрида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Суғд вилояти бўлими биноси олдида уюштирилган худкушлик ҳужумида, шунингдек Душанбе шаҳрида бир қатор террорчилик амалларини содир этишни уюштиришга интилишда қўли борлигини айтган.

Шунингдек, миллий хавфсизлик хизмати вакили 2011 йил апрелида Рашт водийсида Мулло Абдулло ўлдирилгач, унинг гуруҳи яширинган ер текширилганда "Жамоати Ансуруллоҳ"нинг байроғи топилганини билдирган.

Тожикистон Бош прокуратураси вакили Муҳаммаджон Хайруллаевнинг айтишича, "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳига аъзо эканлиги исботланишининг ўзиёқ 8 йиллик қамоқ жазосига махқум этишга олиб бориши мумкин.

У бунда мамлакат Жиноий Кодексининг экстремистик фаолиятни амалга ошириш учун оммавий даъват этиш моддаси қўлланилиши таъкидлаган.

Тожикистон расмийлари ўтган йил ёзида интернет тармоғида "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳига тааллуқли қуролли кишиларнинг аҳолини жиходга даъват этиш борасидаги мурожаати берилгач, бу гуруҳ ҳақида хабар беришган.

Бунгача эса, расмийлар мазкур гуруҳнинг мавжудлигини инкор қилиб келишган.

Хўжанддаги худкушлик ҳужумидан сўнг биринчи марта "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳи номи сизиб чиққанди.

Мазкур гуруҳ бу террорчилик амалини ўз бўйнига олганди.

Ўша худкушлик ҳужуми оқибатида ҳужумчининг ўзидан ташқари уч нафар милитсия ходими ҳалок бўлган ва яна 26 нафар милитсия ходими яраланганди.

Расмий маълумотларга кўра ҳозирда Тожикистонда фаолияти таъқиқланган ҳаракат ва гуруҳлар сони ўнтадан ортган. Улар орасида жумладан, ЎИҲ, "Ҳизб ут-Таҳрир", "Жамоати таблиғ" бор."

Бу мавзуда батафсилроқ