Қизингизни эрта узатманг, маҳкамага тортиласиз

Тожикистонда балоғатга етмаган қизларини турмушга беришга уринган олти ота-она устидан маҳкама жараёни бошланган.

Маҳаллий фаоллар маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилса-да, Ўзбекистонда ҳам бу каби анъана кучайиб бораётганини айтишади.

Тожикистондан олинган хабарларда айтилишича, маҳкамага тортилаётган ота-оналарнинг айбдор эканликлари тасдиқланса, улар беш йиллик қамоқ жазосига юз тутишлари мумкин.

Маҳкама жараёни кечаётган жанубий Хатлон масъулларига кўра, сўнгги пайтларда вилоятда қизларни эрта турмушга узатиш ҳоллари хавотирли даражада ортган.

Тожикистон қонунчилигига мувофиқ, никоҳ ёши мамлакатда расман 18 қилиб белгиланган.

Айрим маълумотларга кўра, Хатлон вилоятида никоҳ қурган оилаларнинг қарийб ярми ажралиб кетган.

Масъуллар эса, бунинг сабабини айнан эрта никоҳлар билан боғлашади.

Уларга кўра, янги иш бошлаган маҳкама жараёни қизини ёш эрга бериш хаёлида юрган қолган ота-оналарга сабоқ бўлиши лозим.

Мамлакат диний уламолари ҳам масъуллар томонидан кўрилаётган мазкур чора-тадбирларни қўллашларини билдиришган.

Тожикистондаги аксарият бу каби анъананинг чуқур илдиз отишига 90-йиллар бошларида кузатилган фуқаролар уруши сабаб эканини айтишади.

Уларга кўра, қизларининг хавфсизликларини ўйлаб, ота-оналар уларни эрта узатиб юборишга ҳаракат қилишган.

Аммо, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, 2000-йилларга келиб, вазият яна ўзгарган.

Россияга меҳнат муҳожирлигига кетаётган эркаклар сонининг кескин ошиши ота-оналарда "қизим эрсиз қолиб кетади", деган хавотирни кучайтирган.

Фаоллар никоҳ ёшидаги йигит ва қизлар орасидаги гендер нотенглиги ҳам эрта никоҳларга замин яратаётганини айтишади.

Ўзбекистондаги ҳолат

Ўзбекистонлик фаоллар ҳам сўнгги йилларда пойтахт Тошкент каби йирик шаҳарлар ва мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида бу каби ҳоллар кўпайиб бораётганини таъкидлашади.

"Ҳозирда 16, 17 ёки 18 ёш устида қизларни турмушга бериш ҳолатлари, айниқса, қишлоқ жойларида жуда кўплаб кузатилади", дейди "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти вакили Абдураҳмон Ташанов.

Фаол, ўз ўрнида, буни жамиятнинг ижтимоий психологияси билан боғлиқ ҳолат, деб ҳисоблашини айтади.

"Бу қизларнинг ўртасида эрта турмушга бериш бўйича рақобатнинг кучайганлиги, миграция муаммолари туфайли эркаклар сонининг камайганлиги, одамларда динга бўлган интилишнинг кучайгани ва ўзбекча менталитет билан боғлиқ", дейди у.

Ўзбекистонлик фаол наздида бу каби тенденциянинг оқибатлари жамият учун аянчли бўлиши мумкин.

"Турмушга енгил-елпи қараш, руҳан балоғатга етмай турмушга узатилган қизлар фарзандларининг жисмоний нуқсонлар билан туғилиши, руҳият билан боғлиқ ҳар хил муаммоларнинг юзага келиши, албатта, жамиятда маълум даражада ўзига хос ижтимоий портлашни келтириб чиқаради,.." дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Маҳаллий фаол бу йўлда Ўзбекистон ҳукумати ҳозир қўлидан келган барча чораларни кўраётгани, аммо халқнинг менталитети, одамларнинг қарашлари ва жамиятдаги муаммолар бир кунда ўзгариб қолмаслигини таъкидлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ