Отлар илк бора Марказий Осиёда қўлга ўргатилганми?

Image caption Отлар илк бора Овросиё, хусусан, Марказий Осиёда қўлга ўргатилгани энди илмий жиҳатдан ҳам тасдиқланди

"Қадимий қазилмалар ҳар вақт отлар илк бора Марказий Осиёда қўлга ўргатилганига ишора қилган" - дейди олмониялик олима Вера Вармут -"Аммо бу назарияни тасдиқлайдиган илмий хулосалар етишмас эди".

Вера Вармут сўнгги йиллари Овросиё ҳудудлари - Можаристон, Украина, Россия, Қозоғистон ва Мўғулистондаги отлар ирсиятини тадқиқ этган. Бу ўринда гап тақрибан 5-6 минг йил олдинги давр ҳақида кетмоқда.

"Отлар турли ҳудудларда, алоҳида-алоҳида ҳолатларда хонакилаштирилган каби мавжуд фикр у қадар ҳам тўғри чиқмади" - дейди Би-би-си билан суҳбатда олима -"Марказий осиёлик одамлар қадимдан бу отларни қўлга ўргатиб, хонаки отлар ёнига ёввойиларини қўшиб бораверишган".

"Гап ғарбда Можаристон, шарқда эса Мўғулистон оралиғидаги улкан минтақа ҳақида бормоқда". Марказий Осиё эса бу ана шу улкан минтақа марказидир.

Тадқиқотлар жараёнида отлардан олинган қон намуналарини ташиш ва бузмасдан сақлаш қийин бўлган. Шу боис уларнинг ёл ва юнглари ўрганилган. Кўп ҳолларда юнглар Олмония ва Британияга текшириш учун жўнатилган.

"Шу пайтгача фақат байталдан келадиган ирсий хусусиятлар ўрганилган" - дейди Вера Вармут - "Биз эса икки тарафдан - ҳам байтал, ҳам айғирдан келадиган ирсий жиҳатларни текширдик".

Отлар, орийлар ва ведалар

Аксар марказий осиёликлар илк отлар ўз минтақаларида қўлга ўргатилганига шундоқ ҳам қаттиқ ишонишарди.

Хусусан, дунёдаги энг жозибали ва нафис отлардан бири - Ахалтекин отлари асрлар бўйи Туркманистонда урчитилган. Оёқлари узун, нозик ва сарвқомат Ахалтекин отлари нархи баъзан миллионлаб долларга чиқиши айтилади.

Бу эса Туркманистонда от урчитиш неқадар қадимий санъат эканлигини ҳам кўрсатади.

Зотан от билан боғлиқ улоқ ва чавгон (поло) каби ўйинларнинг келиб чиқиши ҳам Марказий Осиёга нисбат берилади.

Ҳиндистон орийлари аслида ҳозирги Туркманистондан келиб чиққан, деган назарияни ўрганган Британ журналисти Майкл Вуд эса туркман отлари борасида бир неча янги маълумот ва фаразларни ҳам ўртага ташлаган.

"Ҳиндуларнинг қадимий Веда китобларида от аравалар эслатилади, аммо у пайтда Ҳиндистонда ҳали отлар қўлга ўргатилмаган бўлган" - ҳайрон бўлади журналист.

Ҳақиқатнинг тагига етиш учун у Туркманистонга боради. Бу ерда эса отларни урчитиш неқадар қадимий санъат эканлигига гувоҳ бўлади.

Қатор илмий фаразларга кўра, ҳозирги Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудларида бир неча минг йил олдин саҳролашиш кучайгач, бу ердаги маҳаллий одамлар ҳозирги Ҳиндистон ҳудудларига кўчиб ўтишади. Марказий Осиё орийлари Ҳиндистонга отларни урчитиш тажрибаси ва улар тасвирланган диний китобларини ҳам олиб боришгани эҳтимоли бор.

Нима бўлганда ҳам, замонавий олимлар хонаки отларнинг келиб чиқишини энди иккиланмасдан Марказий Осиёга боғлай бошлайдилар.

"Минтақа аҳли ёввойи отларни қўлга ўргатишда жуда моҳир бўлишган" - дейди Вера Вармут - "Марказий осиёликлар бундан фахрланишса арзийди".