Қозоғистон: ўзбек аёлларни фоҳишаликка мажбурлаганлар ҳибсга олинган

Image caption Ўзбекистонлик аёллар Олма-Отадаги меҳмонхоналардан бирида тутиб турилган

Олма-Ота полицияси икки қозоқ фуқаросининг Ўзбекистондан ишлаш учун келган аёлларни фоҳишаликка мажбурлаганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганини маълум қилган.

Тошкент вилоятидаги қишлоқлардан бирининг 21 ёшли яшовчиси, полициянинг билдиришича, расман Олма-Отадаги меҳмонхоналардан бирининг ходимаси сифатида қайддан ўтказилган.

Полиция ўзбек фуқаросининг "ўз иродасига қарши, ўзини жисмоний йўқ қилиш таҳдидлари остида" фоҳишаликка мажбурланганини айтган.

Today.kz нашрининг Олма-Ота полицияси Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Бахит Балгимбаевдан иқтибос келтиришича, полиция олиб борган тезкор амалиёт натижасида Қозоғистоннинг тижорий пойтахтидаги аёллар танаси билан савдо қилувчи "илғор пудратчилар" ҳибсга олинган.

Уларнинг Шарқий Қозоғистон вилоятидан бўлган 38 ёшли бир эркак ва 39 яшар аёл экани айтилади.

Қулликдан қутқарилган ўзбекистонлик аёлнинг айтишича, у билан бирга айни маҳмонхонада яна бир ҳамюрти фоҳишаликка мажбурланган.

Полиция мулозимлари қизларнинг рухшунослар ва Халқаро муҳожирлик ташкилоти кўмагида махсус кўрикдан ўтказилиши ва реабилитация курсини ўтишларини айтишган.

Одам савдоси манбайи

Бу ўзбекистонлик аёлларнинг Қозоғистонда биринчи марта қулликка тушиш ҳолати эмас.

Чимкентдаги "Сана сезим" ноҳукумат ташкилоти раҳбари Ҳадича Абишеванинг айтишича, Қозоғистонда ўзбек фуқароларининг сотиб юборилиши билан боғлиқ ҳодислар бот-бот учрайди.

"Одам савдоси ҳоллари аниқлангани тақдирда ҳам, кўпинча тергов жараёнида кўплаб сунъий тўсиқлар пайдо бўлади ва маҳкамага қадар етиб бормайди", - дейди қозоғистонлик фаол.

Абишева хонимга кўра, кўпчилик қурбонлар ўзларининг қурбон эканликлариин ҳам билмайдилар.

"Улар орасида Ўзбекистондан турли юмушларга олиб келиниб, фоҳишаликка мажбурланаётган қиз-жувонлар ҳам кўп", -дейди у.

Қозоғистон маҳкамалари ўзбек фуқароларининг қул қилиниши билан боғлиқ бир неча ишни кўриб чиққан.

АҚШ Давлат Департаментининг ҳисоботида айтилишича, ўзбек аёллари Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил, Жанубий Корея ва Тайланд сингари давлатларда фоҳишаликка мажбурланади.

Кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда одам савдоси муаммосини тан ола бошлагани ва унга қарши баъзи чоралар кўраётганини эътироф этишади.

Аммо маҳаллий фаолларнинг айтишларича, Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси замиридаги ижтимоий сабабларни йўқотиш, хусусан, қашшоқлик ва ишсизликни бартараф этиш йўлида етарли чораларни кўрмаётир.

Шу кунларда Ўзбекистон телевидениеси Тошкентнинг ўзида "урчиб кетган" фоҳишахоналар ҳақидаги махсус ҳужжатли филмни намойиш этган.

Унда асосан, фоҳишалик қилган аёлларнинг ўзлари, оила ва маҳаллалар айбланади.

Бу мавзуда батафсилроқ