Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги: ўзбекистонлик сериал қотиллар қўлга олинди

Image caption Тўрт аёл жасади Олма-Отага элтадиган йўл четида топилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, Ўзбекистонга чегарадош Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида ва Тошкент атрофида аёлларни ўлдириб, қурбонларга тегишли буюмларни ўзлаштиришда гумон қилинган икки Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Остона шаҳрида ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Нурдилда Ораз маълум қилган.

Матбуот хизмати раҳбари айтишича, узоқ вақт олиб борилган қидирув натижасида ўтган ҳафтада икки Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган, уларнинг икки нафарининг ҳам ёши 26 да.

Улар Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида, Чимкент шаҳри атрофи ва Ўзбекистон ҳудудида қотилликлар содир этганликда гумон қилинмоқдалар.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Нурдилда Ораз айтишича, гумондаги шахслар 2011 йилнинг март ойидан 2012 йил март ойигача тўрт қотилликни содир этганлар, деб кўрилмоқдалар.

Терговда аниқланишича, қотиллар хусусий такси киракашлар сифатида ўз хизматларини таклиф қилганлар, икки аёл темир йўл поездидан тушиб ўз уйигача боргунча автомобил ичида бўғиб ўлдирилганлар, жасадлари йўл четига ташлаб кетилган.

Аёлларга тегишли буюмлар олинган.

Аёлларнинг қимматбаҳо буюмлари Тошкент шаҳри бозорларида пулланган, дейишмоқда Қозоқ изқуварлари.

Уларнинг айтишича, бу икки шахснинг учинчи шериги ҳам бўлган, у эса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 7 аёлни ўлдирган, деб гумон қилинмоқда.

Айрим оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон пойтахтида сериал қотилликлар содир этилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳақда расман маълумот бермаганлар.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Тошкент ва унинг атрофида етти аёл 2011 йилнинг ноябр ва декабр ойларида ўлдирилганлар.