Тожикистонда кучли ер силкиниши юз берди

Image caption Зилзиладан жабр кўрган туманлар тоғли минтақаларда жойлашгани боис ёрдамлар етказиш мушкул қолмоқда

13 майга ўтар кечаси Тожикистон шарқида юз берган кучли зилзила камида 3 инсоннинг умрига зомин бўлган.

Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 6 баллни ташкил қилган. Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Анора Саркорованинг хабар қилишича, ҳодисада ўнлаб инсонлар тан жароҳати олган ва 2 мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолган.

Маҳаллий ҳокимият ҳозиргача зиён кўлами борасида тўла маълумотларни тақдим қилгани йўқ.

Мухбиримизга кўра, қайта силкинишлар ҳозиргача давом этиб турибди.

Мамлакат марказини Рашт водийси билан боғловчи автомобил йўлининг бир неча жойига тош кўчиб бекилиб қолган. Бу эса, зилзиладан зиён кўрган туманларга ёрдам етказиш амалиётларига халақит беради.

Тозалаш ишлари учун эса, оғир техника воситаларига эҳтиёж бор.

Ер силкинишидан азият чеккан минтақалар билан телефон алоқаларида ҳам мушкулотлар кузатилмоқда.

Маҳаллий ҳокимликларнинг хабар қилишларича, жабрдийдалар зудлик билан тиббий ва инсонпарварлик ёрдамларига мухтож.

Зилзила маҳаллий вақт билан 04:30да юз берган. Зилзила эпицентри Душанбе жануби-шарқидан 152 чақирим узоқда жойлашган Ғарм минтақаси бўлган.

Геофизика хизмати маълумотларига кўра, ер силкиниши республика шарқий ҳудудларнинг барча нуқтасида сезилган.

Тавилдара

Зилзиладан Тожикистоннинг Тавилдара тумани аҳолиси энг кўп жабр кўрган.

"Оилам кўчада қолди. Болам жароҳат олди. Бу ерда аҳоли камбағал ва уй-жойларини ўзлари тиклашга қурблари етмайди. Бу фожеа. Биз тунни кўчада ўтказдик", дейди маҳаллий одамлардан бири Шокиржон Қосимов.

Мухбиримизнинг хабар қилишича, табиий офат одамларни ваҳимага солган. Мингга яқин киши ўз уйларига қайтиб боришга қўрқиб, кўчада қолишни афзал кўришмоқда.

Кутилмаганда бошпанасиз қолган одамлар тунни масжидлар, мактаб ва қон-қариндошларининг уйларида ўтказишган.

Мазкур тоғли ҳудудларда ҳаво ҳарорати +5 градусгача тушиб кетган.

Тавилдара тумани раҳбари ўринбосари Қурбона Маҳмудованинг Би-би-сига маълум қилишича, зиён кўлами ва зилзила оқибатларини ўрганиш бўйича махсус комиссия ташкил этилган.

Унга кўра, уй-жойсиз қолган аҳолига чодирлар, озиқ-овқат ва иссиқ кийим-бошлар зарур.

"Одамлар тунашлари учун борадиган жойлари йўқ, шунинг учун, зудлик билан иссиқ нарсалар ва чодирлар керак", дейди Тавилдара тумани раҳбари ўринбосари.

Айни пайтда зилзила оқибатида йўллари вайрон бўлган туманларда озиқ-овқат танқислиги борасида хабарлар бор.

'Гўё портлашга ўхшади'

"Бу худди портлашга ўхшарди. бир неча дақиқа ичида 2-3та силкиниш юз берди. Ўша заҳоти катта вайронагарчиликлар юз берди, жароҳат олганлар бор эди. Вазият оддий эмас, чунки ер ости силкинишлар ҳали ҳам давом этяпти", дейди тавилдаралик Ҳамидулло Сафаров.

Гарм туманлари мамлакатдаги энг қашшоқ минтақалардан ҳисобланади. Ишсизлик даражаси ўта юқори. Марказдан узоқ бўлгани ва экин ерлар етишмаслиги боис кундалик эҳтиёж моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари Тожикистоннинг бошқа минтақаларига нисбатан икки ҳисса қиммат.

Сиз зилзиладан бохабармисиз? Ўзингизга маълум бўлган маълумотларни bbcuzbek.com га йўлланг