Роғун ГЭСи кучли зилзилаларга дош бера оладими?

Роғун ГЭСи
Image caption Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш режаси Ўзбекистон норозилигига сабаб бўлмоқда

Якшанба куни эрталаб Тожикистоннинг шарқий минтақаларида юз берган ер силкинишида камида 3 одам ҳалок бўлган.

Зилзила маркази пойтахт Душанбедан 150 километр шимол-шарқда қайд этилган.

Рашт водийсида юз берган ер силкиниши рихтер шкаласи бўйича 6 баллни ташкил этган.

Роғун ГЭСи қурилаётган минтақада эса ел силкиниши 4.5 баллга етган.

Ўзбекистон давлат матбуоти зилзила ўчоғининг Роғун ГЭСи яқинида юз бергани юзасидан ўз хавотирларини билдирган.

Ўзбек интернет саҳифаларида ёзилишича, баландлиги 335 метр бўлган тўғоннинг қурилиши нафақат Тожикистон балки бутун минтақага хавф солади.

Минтақада энг йирик бўлиши айтилаётган ушбу ГЭС қурилишига Ўзбекистон қаттиқ қаршилик қилиб келади.

Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси икки мамлакат муносабатларини кескин совуқлаштирган.

Душанбедан зилзилашунос олим Георгий Ташваков Тожикистон сейсмик фаол минтақада жойлашганини эътироф этди, бироқ Роғун ГЭСи қурилиши минтақага хавф солмаслигини таъкидлади.

Георгий Ташваков: Бутун Тожикистон турли балл ва магнитудада доимо зилзилалар юз бериб турувчи сейсмик районда жойлашган. Нурек ГЭСи жойлашган ва Роғун ГЭСи жойлашак минтақада 8 баллдан 9 баллгача ер силкиниши имкони бор.

Би-би-си: Шундай экан, Роғун ГЭСининг ушбу минтақада қурилиши қанчалар хавфсиз деб айта оласиз?

Ташваков: Нурек ГЭСи 40 йилдан буён ишлаяпти. Бу давр ичида турли даражада юзлаб ел силкинишлари бўлди. Бу минтақада ҳаттоки 7 балли зилзила ҳам бўлган. Шунга қарамасдан, Нурек ГЭСига ҳеч қанақа дарз кетгани йўқ, аввал қандай ишлаган бўлса, ҳозир ҳам шундай ишлаб турибди. Роғун ГЭСи ҳам ўз конструкцияси бўйича Нурек ГЭСининг ўзгинаси. Шунинг учун унинг Нурек сингари нуқсонсиз ишлашига ишончим комил. Бундан ташқари Роғун ГЭСи дарвозаси жойлашган ерда ҳеч қачон кучли ер силкинишлари қайд этилмаган. Энг муҳими, лойиҳага асосан, Роғун ҳам Нурек сингари маҳаллий шағалли тошлардан барпо этилади. Бу шаклда қурилган ГЭСлар ўз эластиклиги ва қайишқоқлиги туфайли ҳар қандай зилзилага дош бера олади. Бунга мен ҳеч шубҳа қилмайман. Айни соҳада ишлайдиган аксар олимлар ҳам бунга шубҳа қилишмайди. Шубҳа фақат ГЭС қурилишини истамаганлардагина бор, холос.

Би-би-си: Аммо Ўзбекистон ҳукумати айнан мана шу хавотирлар туфайли, яъни Роғун ГЭСининг сейсмик хавфли жойда қурилиши мумкинлиги туфайли, ГЭС қурилишига қарши чиқаяпти... Расмий Тошкентнинг бу хавотирларини асоссиз деб биласизми?

Ташваков: Аммо уларнинг қарашлари нимага асосланган? Мен яна бир марта такрорлайман: Нурек ГЭСи 40 йилдан буён ишлаяпти. Нурек ГЭСи орқали на сув фильтрацияси ўзгарди ва на тўғон конфигурацияси ўзгарди. Ҳеч қандай деформация қайд этилгани йўқ. Яна қандай исбот керак Ўзбекистон ҳукуматига?!

Би-би-си: Лойиҳа бўйича Роғун ГЭСи неча балли ер силкинишига дош бера олади?

Ташваков: Тўққиз баллга бемалол дош бера олади.

Би-би-си: Дунё тажрибасида ҳам ГЭСлар 9 баллик ер силкинишига дош бера олиши керакми?

Ташваков: Дунё тажрибасида қандайлигини мен билмайман. Умуман дунё бўйича олганда ҳеч ким 10 балга дош бера оладиган бирор нарса қурмайди. Ўн балли ер силкиниши бу - қиёмат-қойим дегани. Лекин дунёнинг бирор жойида 10 балли зилзила рўй бергани йўқ. Магнитудаси олти баллик ер силкинишлари бўлиб туриши Тожикистон учун одатий ҳол. Душанбе шаҳри ҳам Нурек ва Роғун сингари айни ҳудудда жойлашган. Яна бир мисол: Помирдаги Сарез кўли 1911 йилда Бартанг дарёсининг издан чиқиши оқибатида юзага келган. У ҳам тош-шағалли тўғон. У ерда бир аср ичида юзлаб зилзилалар юз берди. Лекин, Сарез кўли ҳеч қандай ўзгаришларсиз турибди. Роғун ГЭСи ҳам тошлар билан мустаҳкамланади, темир бетонлар билан эмас. Зилизилалар юз берган пайтда бундай тўғонлар бузилмайди, аксинча янада мустаҳкамлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ