Тожикистон: ЎИҲга аъзоликда гумон қилинган 17 шахс устидан маҳкама

панжара ортида
Image caption Айбланувчилардан баъзилари тергов пайтида қийноққа тутилганликларини даъво қилганлар

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилояти маҳкамасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига (ЎИҲ) аъзоликда гумон қилинган 17 нафар шахс устидан маҳкама ишини бошланди.

Сўғд вилояти муваққат ҳибсхонасида ўтаётган жиноий иш муҳокамаси чоғида айбланувчилар қийноққа тутилганликлари ва бу ҳақда исбот-далилларга эга эканликларини иддао қилганлар.

Маҳкамада иштирок этаётган авдокат Файзулло Насруллоевнинг Би-би-сига айтишича, айбланувчиларнинг бир нафари Ғафуров ва қолганлари Ашт шаҳри яшовчиларидир.

Жаноб Насруллоев мазкур шахслар ўтган йил октябр ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганини маълум қилди.

Вилоят прокуратураси уларни ноқонуний гуруҳ таъсис этиш ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бўлишда айблаган.

Файзулло Насруллоевнинг хабар беришича, улардан баъзилари мазкур айбловларга қийноқлар остида иқрор бўлганлар.

Маҳкама чоғида айбланувчилардан бир нафари тергов пайтида қийноққа тутилганига оид шифокорларнинг расмий хулосасини намойиш этган.

Жаноб Насруллоев прокуратура ҳозирга қадар ушбу даъвога муносабат билдирмаганини билдирди.

Ўтган ой охирида Сўғд вилояти маҳкамаси ЎИҲга аъзоликда айбланган 34 нафар тожикистонликни 8 йилдан 28 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этганди.

Мазкур маҳкама иштирокчиларидан баъзиларига кўра, маҳкама жараёнида айбланувчиларнинг аксари ЎИҲга умуман аъзо бўлмаганликлари исботланган.

Яқинлари сўзларига кўра, улар ҳам тергов чоғида қийноқларга тутилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ