Қозоғистонда икки тилли рўзнома нашр этила бошлади

Image caption "Туркистон тонгги" журналистлари икки қардош халқ ўртасидаги бирдамликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш истагида эканликларини айтадилар.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида қозоқ ва ўзбек тилларида "Туркистон тонгги" рўзномасини нашр этиш йўлга қўйилди.

Таҳририят журналистларининг айтишларича, икки тиллик газета чиқаришдан кўзланган мақсад, икки қардош халқ ўртасидаги бирдамликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдир.

"Биз Қирғизистон жанубида 2010 йил июнида рўй берган фожеали ҳодисаларни алам билан кузатдик. Бундай ҳодисалар олдини олиш йўлида ишлаш лозимлигини тушундик. Биз икки халқ, умуман барча туркий ва бошқа миллатлар ўртасида можаро бўлмаслигининг олдини олиш йўлида ишлаяпмиз. Айниқса, қозоқ билан ўзбекнинг тарихи, тили, дини бирлигини тинимсиз эслатиб, уларнинг зеҳниятида яхши ўзгариш бўлишига ҳисса қўшиш учун қозоқ ва ўзбек тилларида бир номда ва бир йўналишдаги икки газета ташкил қилдик", дейди "Туркистон тонгги" рўзномаси Бош муҳаррири ўринбосари Ботир Норбой.

"Туркистон тонгги" Қозоғистон жамоатчилиги томонидан яхши кутиб олинган.

Рўзноманинг илк сонларида босилган қутловларда билдирилган тилаклар ҳам буни исботлайди.

"Бир-биримизнинг тилимизни, урф-одатларимизни ҳурмат қилган ҳолда, иттифоқликда ва дўстликда яшашга нима етсин!", дейилади табриклардан бирида.

Image caption "Миллат кўпдир Туркистонда, ери, суви, нони бир, Томир битта, Ватан битта, демак улар қони бир", деган эпиграфни танлаган рўзнома.

"Халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг янада мустаҳкамланишида ҳукуматимизнинг байнал­милал сиёсати, шу жумладан, кўплаб тилларда чоп этилаётган газе­та ва журналларнинг ҳам ҳиссаси беқиёс. Бугунги кунда Жанубий Қозоғистонда ўзбек тилида ўнга яқин газета ва журналлар чоп эти­лаётганини қувонч билан қайд этмоқ лозим. Улар қаторига, асосан дўстлик ва ҳамжиҳатликни, турли этнослар ўртасидаги биродарликни тарғиб қилгувчи "Туркистон тонги" газетасининг ҳам қўшилаётгани нур устига нурдир", деб айтган Жанубий Қозоғистон вилояти Ўзбек маданият маркази раҳбари Икромжон Ҳошимжонов.

Рўзнома асосчиларига кўра, "Туркистон тонгги" ижтимоий-сиёсий, илмий, адабий-публицистик газета.

"Туркистон тонгги"нинг илк сонларида Марказий Осиё мамлакатлари янгиликлари, қатор интервьюлар, тарихий асарлардан парчалар ва шеърлар чоп этилган.

Таҳририят ходимларига кўра, рўзноманинг илк сонлари 4000 ададда чиқарилган, лекин бундан кейин унинг ададини янада кўпайтириш ва тарқатиш мўлжалланмоқда.