'Марказий Осиёдаги юқори лавозимли амалдорлар наркобизнесга алоқадорлар'

Image caption Аксар кўкнори далалари Афғонистоннинг беқарор жанубий минтақаларида

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ана шундай хулосага келган.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳисоботига кўра, ҳар йили Афғонистонда тайёрланган 90 тоннача героин Марказий Осиё республикалари орқали олиб ўтилади.

Масалан, 2010 йил мисолида олганда, бангивор моддаларнинг фақат 3 фоизи ушлаб қолинган.

Шу боис ташкилот ё минтақа мамлакатлари раҳбарлари наркобизнесга алоқадор ва ё пора бериб ўтиб кетаётган гиёҳванд моддаларга кўз юмишмоқда, деб ҳисоблайди.

100 саҳифадан иборат БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси янги ҳисоботи "Гиёҳванд моддаларнинг Шимолий Афғонистон ва Марказий Осиё орқали оқими: Таҳдидни баҳолаш " деб номланади.

Ҳисобот асосан Афғонистонда қанча гиёҳванд модда етиштирилаяптию, қанчаси Марказий Осиё мамлакатлари орқали дунёга тарқалаётганини таҳлил қилади.

Халқаро ҳамжамият минтақа мамлакатларига мутахассисларини махсус тайёргарликдан ўтказиш, уларга ноқонуний гиёҳванд моддаларни тутиш ишларида бераётган ёрдамларини ошираётганига қарамасдан, бу мамлакатлар ҳудудларида Афғонистондан бораётган наркотиклар тобора кам қўлга олинаётгани айтилади.

БМТ агентлиги тахмин қилишича, 2010 йилда Афғонистондан 380 тонна атрофида героин етиштирилган ва шунинг 90 тонначаси Марказий Осиё орқали Россия томонга йўл олган.

Агентликка кўра, Афғон наркотикларининг асосан дунёга учта тарқалиш йўли мавжуд, Россияга йўналгани шимолий йўл, Покистонга кетадигани жанубий ва Эрон томонга йўналгани Болқон йўналиши деб аталади.

Ҳисоботда бутун минтақа мамлакатларининг хариталари келтирилган ва бу харитадан мисол учун Олма-Ота ёки Тошкент аэропортида қанча кўп ёки кам гиёҳванд модда қўлга олинганини кўриш мумкин.

Ташкилот тахминига кўра, 2010 йилда Марказий Осиёдаги наркосавдогарларнинг соф даромади 1 миллиард 400 миллион долларни ташкил этган.

"Ҳойнаҳой, бу пулларнинг аксари Тожик амалдорларининг чўнтагига тушган, чунки бу мамлакат ҳудудидан шимолга йўналган гиёҳванд моддаларнинг 85 фоизи ўтади", дейди БМТ.

Душанбе ва минтақаларда нарх-навонинг ҳаддан зиёд баландлиги ва давлат амалдорларининг фаровонлиги ошиб бораётгани наркотиклар савдосидан тушган маблағларга боғлиқ деб ҳисоблашади шарҳловчилар, дейилади ҳисоботда.

"Марказий Осиё мамлакатлари мустақил бўлган 1991 йилдан буён бирорта ҳам наркобизнес раҳбари ҳибсга олинмагани ҳокимият билан ушбу жиноий тармоқлар таъсири

Афғонистон билан чегараси ҳали СССР давридан Амударё оша қаттиқ мустаҳкамлангани Ўзбекистон учун Афғон наркотикларининг ўтишини қийинлаштиргани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ноқонуний гиёҳванд моддаларни қўлга тушириш камаймоқда, дейди БМТ.

Ҳисоботга кўра, ноқонуний гиёҳванд моддаларни ўз ҳудудида ушлаш минтақа мамлакатлари орасида Ўзбекистонда 2010 йилдан кейин 25 фоизга ортган.

Асосан Тожикистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали темир йўл ва автомобилларда олиб ўтилаётган гиёҳванд моддалар тутиб қолинган.

Қирғизистоннинг Тожикистон билан 870 километрлик чегарасининг аксар жойи очиқ экани ва мамлакат жанубидаги Ўш шаҳри наркотикларни йиғиш нуқтаси экани айтилади.

Ҳисоботга кўра, Ўш шаҳар криминал гуруҳларнинг базаси ҳисобланади ва 2010 йилдаги ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги низодан жиноий гуруҳлар наркотиклар оқими устидан назоратни қўлга киритиш мақсадида ҳам фойдаланганлар.

Туркманистондан ўтадиган Афғон наркотиклари асосан шимолга эмас, Эрон ва Туркия орқали Оврўпога йўл олиш мақсадини кўзлаши айтилади.

Қозоғистонда иқтисодий ўсиш кузатилаётганига қарамасдан, бу мамлакатнинг гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши олдини олишга қаратилган идора-ташкилотлари фаолияти минтақада энг сусти бўлиб қолаяпти.

Ҳисоботга кўра, Россия, Беларус ва Қозоғистон иштирокида тузилган Божхона иттифоқи, яъни бу ташкилотга аъзо мамлакатлар чегараларида текшириш нуқталари олиб ташланиши гиёҳванд моддалар савдосига аралашганларнинг ишини янада осонлаштиради.

Бу мавзуда батафсилроқ