Ақтауда собиқ полициячиларга ҳукм ўқилган

Image caption Жанаўзенда етти ойлик тинч намойишлардан сўнг қўзғолон кўтарган нефтчилар билан полиция тўқнашуви оқибатида камида 15 киши ўлган ва 100 дан ортиқ киши яраланган.

Қозоғистон расмийларига кўра, собиқ беш полиция ходими ўтган йилнинг декабр ойида Жанаўзенда хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбланиб озодликдан маҳрум қилинган.

Манғистау вилояти маркази Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган маҳкама собиқ офицерларга 5 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосини берган.

Қозоғистоннинг Интерфакс Ахборот агентлиги хабар беришича, полициячиларга хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш, жумладан қурол ишлатишнинг жиддий оқибатларини келтириб чиқарганлик айблови қўйилган.

Жанаўзенда етти ойлик тинч намойишлардан сўнг қўзғолон кўтарган нефтчилар билан полициянинг тўқнашуви содир бўлган.

Гувоҳларга кўра, полиция қуролсиз ишчиларга қарата тартибсиз ўқ очган. Полиция ўзларини оломондан ҳимоя қилганини айтган.

Аксар иштирокчилари 7 ойдан буён ўз ишларига тикланишини талаб қилган нефтчилар бўлган ҳодисалар 16 декабр - Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланаётган кунда рўй берган эди.

Расмийлар тартибсизликлар иштирокчилари мустақиллик байрами тантаналари бўлаётган саҳнани бузишгани, Жанаўзендаги қатор биноларга ўт қўйишганини айтишган.

Жамоат тартибини сақлаш мақсадида полициячилар ғалаён иштирокчиларига ўт очганларини айтишган Қозоқ расмийлари.

Ғалаённи бостиришдаги ҳаракати учун полиция мақталди ҳам.

Ўша куни камида 16 инсон ҳалок бўлгани, юздан зиёд инсон жароҳатлангани хабар қилинган.

Расмийларнинг полиция ғалаённи бостириш мақсадида иш тутгани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, Youtube веб-сайтида полициячилар қуролсиз инсонларга ўқ отаётгани акс этган мобил телефонда видеотасвир эълон қилинган.

Танқидчиларга кўра, маҳкамага тортилган ходимлар ўрта ёки паст даражадаги полиция ходимларидир ва аслида намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ берган раҳбарларнинг жавобгарликка тортилишлари эҳтимоли кам.

Айланаётганларнинг аксари дастлабки тергов пайтида ўзларига қўйилган айбловларни тан олдириш мақсадида калтакланганлари ва қийноққа тутилганлари ҳақида маҳкама жараёнида батафсил кўрсатма берганлар.

Гувоҳлар ҳам айбланувчиларга нисбатан дастлабки терговда берган кўрсатмаларидан воз кечганлар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда фуқаровий жамият фаоллари Қозоғистон раҳбариятига мурожаат қилиб маҳкамани тўхтатишни сўраганлар ва қийноқ ҳолларини текшириш ҳамда қийноқлар учун масъулларни жавобгарликка тортиш чақириқлари янгради.

Айни пайтда Ақтау шаҳрида Жанаўзендаги оммавий тартибсизликларида айбланаётган 37 инсон устидан ҳам маҳкама жараёни давом этмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ