Американинг Россиядаги элчиси бундан кейин дипломатларга хос гапиришга ваъда берди

АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзининг LiveJournalдаги блогида АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол талабалар билан савол-жавоб пайти бунчалик тўғри гапирмаслигим керак эди, деб ёзган.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфолнинг талабалар қаршисидаги чиқишига ҳам Россия, ҳам АҚШ ташқи ишлар вазирликлари баёнот билан муносабат билдиришларига тўғри келди.

25 май куни Москвадаги Олий Иқтисодиёт мактаби талабалари қаршисида Америка Қўшма Штатларининг Россиядаги элчиси Майкл Макфол чиқиш қилган, унинг сўзларига кўра, АҚШни Бишкекдаги "Манас" ҳарбий базасидан чиқариб юбориш учун Россия 2009 йили Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевга пора таклиф қилган.

Элчи Америка ҳам "Манас"да қолиш учун Бакиевга пора таклиф қилганини, бироқ таклиф қилинган пул Россияникидан бир неча баравар кам бўлганини айтган.

Шунингдек, жаноб Макфол Россия ташкил қилган, инглиз тилидаги кўрсатувларини бутун дунёда томоша қилиш мумкин бўлган Russia Today телеканалининг фаолияти ҳақида, Америка билан Россия ўртасидаги Эрон, Гуржистон, Марказий Осиё ва Шимолий Корея борасидаги музокаралар қандай кечгани ҳақида гапирган.

Америка элчисининг талабалар қаршисидаги чиқиши Россия расмийларининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди.

Дастлаб Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчиси Майкл Макфол айтган сўзлари борасида баёнот эълон қилди, дипломатларга хос бўлмаган баҳолардан ҳайратга тушганларини изҳор этди.

Россия ўз қўшинларини "Манас" ҳарбий базасига жойлаштириш эвазига Қурманбек Бакиевга пора таклиф қилгани ҳақидаги элчи сўзларига муносабат билдираркан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бошида АҚШнинг Қирғизистондаги базадан фойдаланиш истаги бир-икки йилга бўлганини эслатган.

Россиянинг ташқи сиёсат идораси бу билан Американинг мавқеъи изчил эмаслигига ишора қилган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги элчи Майкл Макфол сўзларини дипломатик тартиб-қоидага зид ва Россия-Америка мулоқотларини атайин бузиб кўрсатиш дея талқин қилган.

Россия президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам АҚШ элчисига икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ижобий тарафларига эътибор қаратишни маслаҳат берган.

АҚШ Давлат департаменти вакиласи Виктория Нуланд элчи Макфол сўзлари нотўғри талқин этилган, деб чиқди.

Нуланд хоним айтишича, элчи Майкл Макфол сўзларининг асосий мазмуни Россия билан АҚШ муносабатларини юмшатишга қаратилган бўлган.

Америка ташқи сиёсат идораси вакили айтишича, жаноб Макфол табиатан ўз фикрларини тўғридан-тўғри ифода этадиган инсон ва Россия расмийлари буни табиий қабул қилмоқлари керак.

"Биз (дипломатлар) баъзан айланиб ўтишга ўрганганмиз, у бўлса қандай кўрса, шундай гапиради", деб айтган Нуланд хоним.

Ўзининг LiveJournalдаги блогида АҚШнинг Россиядаги элчиси Майкл Макфол талабалар билан савол-жавоб пайти бунчалик тўғри гапирмаслигим керак эди, деб ёзган.

"Балки мен бунчалик ранг-баранг ва тўғри гапирмаслигим керак эди. Мен бу фикрга қўшиламан ва бундан кейин дипломатик сўзлашга ҳаракат қиламан" деб ёзган элчи Макфол.