Янги ҳисобот: 'Ўш ҳодисаларининг энг муҳим фактлари текширилди'

Image caption Янги ҳисобот муаллифлари воқеалар қандай ривожланганини изчил ўрганишга ҳаракат қилганларини айтадилар.

10 июнда Қирғизистон жанубида рўй берган ва 400 га яқин инсоннинг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеаларга икки йил тўлади.

Шу кунларда Москвада жойлашган "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Норвегиянинг Хельсинки Қўмитаси ҳамкорликда "Зўравонлик силсиласи: Қирғизистон жанубида 2010 йил июнида юз берган воқеалар" номли ҳисоботни чоп қилган.

Ҳисобот Қирғизистон, Россия ва Туркияда 300 дан ошиқ гувоҳлар билан олиб борилган кўрсатмалар, расмий ва тиббий ҳужжатлар, сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва бошқа маълумотларга асосланади.

Охирги икки йил ичида Ўш ва Жалолободда нималар юз бергани борасида бир неча расмий қирғиз ва халқаро ҳисоботлар чоп этилди.

Хўш, охирги ҳисобот улардан нимаси билан фарқ қилади?

Би-би-си бу саволни ҳисобот муаллифларидан бири Виталий Пономарёвга берди.

Виталий Пономарёв: Биз асосан бир вазифага диққатимизни жамладик, у ҳам бўлса воқеалар қандай содир бўлганини аниқлаш. Биз 2010 йил апрелида кўчаларда одамларнинг катта-катта гуруҳлари йиғила бошлаганидан бошлаб 2010 йилнинг 15 июнигача нималар юз берганини билишга ҳаракат қилдик. Асосан Ўш вилоятига эътиборни қаратдик, чунки маълумот жуда кўп эди. Ҳозирча фақат Ўш борасидаги топилмаларимизни бир блок сифатида чоп этдик. Мен билишимча, шу кунгача чиққан бошқа ҳисоботлар, хусусан Қирғиизистон Миллий комиссиянинг ҳисоботи умуман воқеалар силсиласини яратишдек вазифани ўз олдига қўймаган. Масалан, парламент қўмитаси ҳисоботида энг муҳим воқеалар ҳатто бир сўз билан ҳам тилга олинмаган. Халқаро Комиссия хронологияни яратишга уринган, бироқ, афсуски, бунинг унчалик ҳам уддасидан чиқмаган. Унда хатолар кўп ва унга ишончли манба деб қараб бўлмайди.

Би-би-си: Демак сиз воқеалар силсиласига асосий эътиборни қаратибсиз. Бу нимани англатади? Яъни силсила яратилиши нимани ўзгартиради?

Виталий Пономарёв: Ҳисоботда ўша воқеалар қандай ривожланганига боғлиқ муаммоларга кўп тўхталганмиз. Ўзи энг бошида можаро нимадан келиб чиқди? Чунки жуда кўп афсоналар, миш-мишлар ва тергов қилинмаган ҳодисалар мавжуд. Мана масалан, на расмий ё норасмий ҳисоботларда "Олой" меҳмонхонаси олдида нималар юз бергани, ким биринчи бўлиб қурол ишлатгани, ким қандай амалиётларга бошчилик қилгани, ё қандай кучлар жалб қилингани кўрсатилади. Миш-мишлар жуда кўп. Масалан Ўш ҳокими Мелис Мирзакматовнинг "Ҳақиқатни излаб" деб номланган китобида 10 июндан 11 июнга ўтар кечасида ярим тунгача Ўшда 40 киши ўлдирилгани айтилган. Лекин биз ўша куннинг тиббий ҳужжатларни ўрганиб чиқдик, уларга биноан ярим тунгача биронта ҳам инсон ўлдирилмаган. Айтмоқчиманки, нафақат майда-чуйда хатолар, балки жуда катта кўламли афсоналар ва нотўғри маълумот мавжуд. Шу нотўғри маълумотларга асосланиб мутахассислар ҳам ўз қарашларини шакллантира бошлаганлар. Ҳеч кимда бошланғич воқеаларни аниқлаш имконияти йўқ. Шунинг учун ҳам биз энг муҳим фактларни тергов қилишга уриндик. Биз авваламбор воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган одамларни топишга уриндик. Биз расмий ҳужжатларни, ҳукумат ичида тарқатилган ва чоп қилинмаган ҳужжатларни ҳам ўрганиб чиқдик, сунъий йўлдошдан олинган суратлару, шикоятларни ҳам ўргандик. Ҳамма турли қарашлару фикрлардан чарчаган, энг зарур бўлган нарса бу фактлардир.

Би-би-си: Сизнинг ҳисоботда фактлар кўп деяпсиз, лекин унда ўз фикрларингизни ҳам билдирганмисиз? Сизнинг фикрингизча, бўлиб ўтган воқеаларда ким айбдор?

Виталий Пономарёв: Биз ҳеч кимни айбламаяпмиз. Менимча, ҳисоботимиздаги кўп сонли фактлар билан танишган ўқувчи ўзи ўзига яраша хулоса чиқариши керак. Фикримча, қандайдир ёппасига айбловлар қилиш ақлдан эмас. Муайян ҳодисалар билан яқиндан танишиш керак, холос. Мана, масалан, "Ностальжи" кафесида гаровга олинган одамлар ҳодисасини олайлик. Бу воқеа борасида жуда кўп миш-мишлар тарқаганди. Биз гаровга олинганларнинг ўзлари билан суҳбатлашдик ва ҳужжатлар билан танишдик. Шулар асосида биз ҳодисани тасвирлаб берамиз ва ундан кейин нималар бўлаётгани, айбдорларнинг жавобгарликка тортилмаётгани, нормал бир тергов ҳам ўтказилмаганини ҳикоя қиламиз. Ёки жуда муҳим бўлган "Олой" меҳмонхонаси ҳодисасини олинг. Аввалги ҳисоботларда инсоний талафотлар ўқотар қуроллардан ноқонуний фойдаланилгани туфайли келиб чиққани айтилган. Улар кимлар, яъни БТРларда автомат қурол кўтариб келган ва оддий фуқароларни отган одамлар ким бўлгани, милициями ё бошқами, бу аниқ айтилмаган. Мана шу эпизод расмий ҳисоботларда жуда кўп бости-бости қилинган, баъзиларида умуман тилга олинмаган. Декабрда Миллий комиссиянинг раҳбари мендан "Олой" меҳмонхонаси олдидагиларни қурол билан отиб тарқатишган эканми, деб сўради. Халқаро ҳисоботда эса бу ҳодиса жуда мавҳум қолган - унда айтилишича "қурбонлар сони борасидаги маълумот манбаларнинг этник мансублигига қараб фарқ қилади" дейилади. Ахир гап кимнингдир этник келиб чиқишида эмас-ку. Қурбонларнинг исм-шарифлари ҳужжатлаштирилган, касалхоналар ҳужжатларида ким қачон қандай жароҳат билан олиб келингани қайд қилинган ва шу маълумотлар гувоҳларнинг кўрсатмалари билан солиштирилиши керак. Биз ана шундай қилдик. Яна бир мисол, Сулаймон тоғидаги снайперлар масаласи. Биз уни ўрганиб чиқиб, ҳукумат версиясини рад қилдик.

Би-би-си: Сиз ҳисоботда Ўшда танг вазият ҳали ҳам сақланиб қолаётганини айтгансиз. Бу нималарда акс этади?

Виталий Пономарёв: Бу жуда кўп сонли ҳодисаларда акс этади, баъзилари оғзаки, баъзилари эса амалда содир бўлаётган воқеалар. Уларнинг аксари ҳеч қаерда қайд этилмаяпти ҳам. Қамоқларда қолаётган жуда кўп одамлар қийноқлар остида олинган шубҳали кўрсатмалар асосида қамалганлар. Бу адолатсизликлар, қўлга олишлар, қийноққа тутишлар, товламачиликлар давом этаяпти ва вазиятнинг танг бўлиб қолишига сабаб бўлаяпти. Менимча, шу кунгача ҳақиқат юзага қалқиб чиқмагани ва аниқланмай қолгани ҳам танг вазиятга сабаб бўлаётган омиллардан биридир.

Бу мавзуда батафсилроқ