Қозоғистонлик таниқли касаба уюшмаси фаолининг жасади топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи respublika.kz
Image caption 2010 йилда Тоҳир Музаммедзяновнинг гаражи шубҳали тарзда портлаган эди.

Қозоғистоннинг Шахтинск шаҳрида касаба уюшма лидерининг жасади топилган.

"Жанарту" касаба уюшмаси етакчиси Тоҳир Мухаммедзяновнинг кончиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишда фаол бўлгани ва ўлимидан олдин турли дўқ-пўписаларга учрагани айтилмоқда.

Полиция ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган.

51 ёшли фаолнинг жасади Қарағанда вилояти Шахтинск шаҳрида ижарага олган квартирасида топилган.

Тоҳир Мухаммедзяновнинг ўлими турли шубҳаларга сабаб бўлган.

Олдин кончи бўлиб фаолият юритган Мухаммедзянов бир неча йиллардан бери кончиларнинг манфаатларини турли ташкилотлар орқали ҳимоя қилиб келаётган эди.

Қарағандалик жамоат фаоли Андрей Цукановнинг айтишича, ўлимидан олдин Тоҳир Мухаммедзяновга нисбатан турли пўписали SMSлар юборилган ва уни номаълум кимсалар дўппослаган ҳоллар бўлган.

"Менда унинг ўлдирилгани борасида аниқ далиллар йўқ, аммо унга кўп маротаба таҳдид қилишганди. Яширин рақамлардан унга SMSлар ёзишарди. Унга пичоқ билан ҳужум қилиш ҳоллари ҳам бўлганди. Бу ҳақда ҳам ҳеч қаерга мурожаат қилмаганди", - дейди Андрей Цуканов.

Тоҳр Мухаммедзянов фаолият юритган "Кончилар оиласи" жамоат бирлашмаси кончилар ва уларнинг оилаларига ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланиб келган.

2010 йилда ушбу бирлашмада раҳбар ўринбосари бўлган Мухаммедзяновнинг гаражи портлаб кетган эди.

Кейинчалик ташландиқ жойдан фаолнинг гаражда сақлаган ҳужжатлари топилган.

Кузатувчилар ушбу портлашнинг ҳам уюштирилган бўлганини тахмин қилишади.

Қозоғистонда кончи ва нефтчиларни ҳимоя қилиш хавфли касбга айланиб бораётгани айтилади.

Жанаўзендаги оммавий тартибсизликлардан олдин иш жойида касаба уюшмаси фаоли Жаксилик Турбаев ўлдирилиб кетилганди.

Турбаев ишчиларнинг фикрига кўра иш берувчининг манфаатларини ҳимоя қилаётган касаба уюшмаси раҳбарини ўзгартириш таклифи билан чиққан эди.

Ушбу воқеадан кўп ўтмай "Озенмунайгаз" компанияси касаба уюшмаси раҳбари қизининг жасади топилганди.

Қарағанда ички ишлар бошқармаси Тоҳир Мухаммедзянов ўлими юзасидан тезкор гуруҳ ишлаётганини маълум қилди.

Бу мавзуда батафсилроқ