Дипломатлар милиционерларни калтаклашса, қанақа бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистонда хорижий дипломатлар билан боғлик можаролар бундан аввал ҳам кузатилган

Тожикистон пойтахти Душанбеда икки француз дипломати уч нафар милиция ходимини калтаклашган.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, юз берган ҳодисада ҳуқуқ-тартибот ходимлари жароҳат олишган ва тана аъзолари лат еган.

Аммо улар олган тан жароҳатларининг қанчалик жиддий экани маълум эмас.

Аён бўлишича, воқеа 4 июн куни кечқурун юз берган.

Масъулларга кўра, милиционерларни “Оврўпо Комиссияси ваколатхонасининг икки ходими – Малика Малки ва жаноб Жалол калтаклашган”.

Вазирлик баёнотида айтилишича, маст ҳолатда бўлган дипломатлар жамоат тартибини бузаётган бўлишган.

Милиция ходимлари уларни қўлга олишга уринишганида, “безорилик мақсадида уларга ташланиб, калтаклаб ташлашган”.

Душанбеда бўлган мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, бу борада хорижий дипломатларнинг ўзларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмаган.

Мухбиримизга кўра, Оврўпо Комиссияси ваколатхонаси ҳам бу хусусда ҳалича расман изоҳ бермаган.

“Дипломат бўлганликлари учун, улар дахлсизлик мақомига эгалар. Тожикистонлик масъуллар, шу боис ҳам, фақат нима ҳодиса юз берганини текширишмоқда, холос”, дейди мухбиримиз.

Воқеалар ривожи

Мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, икковлон ҳозир ҳам Тожикистонда ва ваколатхонадаги фаолиятларини давом этдиришмоқда.

Калтакланган милиция ходимларининг ҳам касалхонада эмасликлари айтилади.

Мухбиримизнинг ўзи олишга муваффақ бўлган маълумотларга таяниб айтишича, калтакланган милиция ходимларининг ўзлари кўчадаги тартибга масъул Йўл Назорати Хизмати ходимлари бўлишмаган.

Унга кўра, сўнгги пайтларда милиция ходимлари томонидан “ахолоққа зид ҳолатларга қарши кураш” баҳонасида кечки соатларда кўчада юрган жуфтларни қўлга олиш ҳоллари ортган.

Аён бўлишича, яқинларига айтиб бериш билан пўписа қилиб, милиция ходимларининг улардан пул талаб қилиш ҳоллари ҳам йўқ эмас экан.

Мухбиримиз Тожикистонда хорижий дипломатлар билан боғлик можаролар бундан аввал ҳам кузатилган эса-да, уларнинг ҳуқуқ-тартибот ходимларини калтаклашлари илк бор кузатилаёган воқеилик эканини айтади.

Унга кўра, инсоний талофатга сабаб бўлган автоҳалокат ёки ресторан маъмурияти билан юз берган жанжаллар шу пайтгача асосан “тинч йўл” билан ҳал қилинган.