'Халқаро Амнистия': Қирғиз ҳукумати ё айбдорларни жазолашни истамаяпти, ё бунга қодир эмас

Image caption Аммо орадан икки йил ўтибдики аксарият жиноятлар умуман текширилмай келмоқда

Қирғизистон расмийлари 2010 йилнинг июн ойида тинч фуқароларга қарши инсон ҳуқуқларини поймол этган хавфсизлик кучларига нисбатан чора кўришни ё истамаяптилар ё бу нарса уларнинг қўлларидан келмаяпти.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Халқаро Амнистия" ташкилоти Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низолар икки йиллиги арафасида ана шундай баёнот билан чиққан.

Амнести Интернэшнлнинг "Муаллақ қолган адолат" ҳисоботига кўра, этник қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги тўрт кунлик зўравонликлар пайти хавфсизлик кучлари тинч фуқаролар хақларини поймол этгани борасидаги даъволар текширилиши керак.

Қирғизистонда 2010 йил июн ойида юзлаб одамлар қурбон бўлди, минглари жароҳатланди ва юз минглаб инсонлар ўз ватанларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

"Айрим жароҳатларга вақт ҳам даво бўлолмайди, фақат адолат, сарҳисоб бериш ва ҳақиқат икки миллат ўртасидаги кўприкларни қайта тиклаши мумкин", дейди "Халқаро Амнистия" ташкилотининг Қирғизистон бўйича мутахасиссиси Мейси Вайхединг.

"Инсониятга қарши жиноят, улар қаторида эса қийноққа солиш, жинсий зўрлаш ва тинч аҳолини ўлдириш жиноятларига жазо тайинланмади. Ҳар қандай текширув бир томонлама бўлди ва халқаро адолат меъёрларига мос тушмади", деб давом қилади у.

"Халқаро Амнистия"нинг ҳисоботи Қирғизистон ҳукуматининг 2010 йил июн зўравонлик ҳолатларини адолатли ва самарали бир шаклда текширмагани, хунрезликдан кейин эса ўта жиддий жиноятлар ва инсон ҳуқуқлари бузилишларининг минглаб жабрдийдаларига ҳақиқатни юзага чиқариш учун ёрдам бермаганини урғулайди. Ташкилот халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб бу йўлда Қирғизистонга техник ва молиявий ёрдам берилишини сўрайди.

Икки йил аввал июн ойида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида кечган зўравонлик ҳар икки томондан ҳам қотиллик, талон тарож ва бузғунчилик жиноятлари содир этилган. Аммо аксарият моддий зарар кўрганлар, жароҳат олганлар ва ўлдирилганлар ўзбек миллати вакиллари бўлгани урғуланади.

Халқаро босимлар остида ҳукумат ва собиқ президент Мустақил Халқаро Комиссияни июн зўравонликларини текшириш талабларини қондирди. Текширув олиб борилди. Аммо 2011 йил май ойида ҳукумат айни текширув натижаларини рад этди. Комиссия хулосасига кўра, Ўш шаҳрида ўзбекларга қарши инсониятга қарши жиноят таъбирига мос тушадиган жиноятлар содир этилган.

Ҳозирга қадар, инсониятга қарши жиноят юзасидан бирорта ҳам жиноий иш очилмади.

"Халқаро Амнистия"га кўра, орадан икки йил ўтган бўлса ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари қийноққа солиш, дўппослаш каби усуллардан давомий қўлланиб келмоқда. Бу каби ҳолатлар кўча-кўйда ҳибсга олишларда, хонадонларда тинтув ўтказиш, ҳибсда тутиб туриш, тергов жараёни ва маҳкамадан аввал ҳибсда сақланиш давомида рўй бермоқда.

Жиноятларни текшириш ва тергов қилишда милиция асосан ўзбек маҳаллалари ва ўзбекларни нишонга олмоқда. Уларни қотиллик ва оммавий бузғунчилик каби жиноий ишлар очиш билан қўрқитмоқда ва шу йўл билан жабрдийдалардан пул ундиришмоқда, дейилади ҳисоботда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбек ва Қирғиз хотин қизларини жинсий зўрлаш ҳаракатларига доир ўнлаб ҳолатларни ҳужжатлаштиришди. Айрим ҳолатларда ўғил болалар ва эркаклар ҳам жинсий зўравонлик қурбони бўлишгани аниқланган. Аммо орадан икки йил ўтибдики аксарият жиноятлар умуман текширилмаган.

Айбсизлик презумциясига маҳкамаларда риоя қилинмаган. Ҳатто Олий маҳкамага доир барча маҳкамалар сиёсий босимлар остида, июн воқеаларига доир расмий қарашларни акс эттирувчи, бир миллатни ҳимоя қилишга асосланган ақида билан кечмоқда.

Гарчанд, қийноққа солиш ва калтаклашга доир ҳолатлар кенг тарқалган бўлса ҳам, Бош прокуротурага кўра, ҳозирга қадар бу жиноятларда айбланиб бирор бир ҳуқуқ-тартибот вакили ҳукм этилмаган.

"Халқаро Амнистия" ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини 2010 йил июн ойи хунрезликларида содир этилган жиноятларни адолатли шаклда тергов қилишга чақирган.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров билан суҳбатни мана бу ерда тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ