Тожикистондаги ҳарбий машқлар Ўзбекистоннинг иштирокисиз бошланди

Image caption “Тинчлик Миссияси – 2012” деб номланган ҳарбий машғулотларда икки мингдан ортиқ ҳарбийлар қатнашмоқдалар.

Тожикистон шимолида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг бир ҳафталик қўшма ҳарбий машғулотлари Ўзбекистон қўшинларининг иштирокисиз бошланди.

Вақти келиб, Натога рақобатбардош бўлиши кутилаётган ташкилотнинг машғулотларини кузатиш учун Россия ва Хитойдан юқори мартабали генераллар ҳам Тожикистонга етиб боришган.

“Тинчлик Миссияси – 2012” деб номланган ҳарбий машғулотларда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг икки мингдан ортиқ ҳарбийлари қатнашмоқдалар.

Мулозимларга кўра, машғулотлар чоғида асосий эътибор аксилтеррор машқларига қаратилади.

14 июн куни якун топажак қўшма ҳарбий машқлар шимолий Хўжанд шаҳридан 30 чақиримча узоқликдаги “Чорух-Дайрон” полигонида бўлиб ўтади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг олтинчи аъзоси бўлган Ўзбекистон эса, Тожикистонга ўз қўшинларини юбормаган.

Экспертларга кўра, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо эсалар-да, бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда ниҳоятда таранглашган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаралар миналаштирилган, икковлон ўртасида виза тизими амал қилади ва ҳаво қатнови амал қилмайди.

Қўшма ҳарбий амалиётлар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Пекиндаги саммити ортидан бўлиб ўтмоқда.

Олиймақом йиғинда ҳам Ўзбекистон ва ҳам Тожикистон президентлари иштирок этишганди.

Сўнгги йилларда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида етакчи ўрин тутувчи Хитойнинг Марказий Осиёга бўлган қизиқиши кучайган.

Хитой минтақа давлатларига кам фоизлик қарзлар бериш, нефт ва газини сотиб олиш бўйича йирик шартномалар имзолашга киришган.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитойга қилган бу галги сафари чоғида ҳам турли соҳаларда умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ битимлар имзолаган.

“Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти”нинг “Тинчлик Миссияси”номи остидаги илк қўшма ҳарбий амалиётлари 2003 йилда Қозоғистон ва Хитойда ўтказилган.

Ўша машғулотларда ҳам Ўзбекистоннинг иштирок этмагани айтилганди.