Лондонда Қирғизистон ҳодисаларига бағишлаб намойиш ўтказилди

2010 йил Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеаларга роппа-роса икки йил тўлиши муносабати билан Лондондаги Қирғизистон элчихонаси олдида намойиш ўтказган ўшликлар ҳукуматни халқаро ташкилотлар берган маслаҳатларга амал қилишга чақиришди.

"Бугунги намойишимиздан мақсад Қирғизистон ҳукуматини халқаро ташкилотлар томонидан берилган маслаҳатларни ўзларининг дастурларида ишлатиш ва келгусида ана шундай қонли ҳодисалар келиб чиқишини олдини олишга чақиришдир", дейди намойиш иштирокчиларидан бири:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қонли воқеаларда беш юзга яқин инсон ҳалок бўлган, минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишганди. Қурбонларнинг етмиш фоизи ўзбеклар экани айтилган.

Қирғиз ҳукумати воқеаларда собиқ президент Бакиев тарафдорларини айблаган.

Орадан икки йил ўтса-да, ўзбек ва қирғиз жамоалари ўртасидаги танглик аригани йўқ.

Маҳаллий ҳуқуқ химоячиларига кўра, расмийларнинг миллий тотувлик ҳақидаги баёнотларига қарамай, жанубдаги ўзбекларга қарши камситишлар давом этмоқда.

24 кг хабар агентлиги ҳуқуқ ҳимоячиси Ирода Қобилованинг "ўзбекларнинг аҳволи 2010 йилдагидан анча ёмон" деган сўзларини келтиради.

Аввалроқ Қирғизистон парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Турсунбек Акун қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларини ўзбеклар ҳуқуқларини поймол этаётганликда айблаганди.

Лондондаги Қирғизистон элчихонаси олдидаги намойиш иштирокчилари Қирғизистон ҳукуматидан айни шундай камситиш ҳолларига чек қўйишни талаб қилишди.

Қирғизистон элчихонаси қаршисидан олинган суратларни мана бу ердан кўринг

Бундан ташқари намойишчилар қамоқда азият чекаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ва бошқа ноҳақ қамалгани айтилаётган ўзбеклар тақдиридан хавотир билдиришди.

Уларга кўра, халқаро ташкилотлар 2010 йил июнидаги зўравонликлар ортидан ватанларини ташлаб чиққан ва хорижий давлатларда бошпана топишга ҳаракат қилаётган қочқинларнинг тақдирига ҳам беэътибор қолмасликлари керак.

Бу мавзуда батафсилроқ