Тожикистон: Душанбе яқинида икки ҳолланд сайёҳи талаб кетилди

Рамазон Раҳимов Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Хорижий сайёҳларни талаб кетган шахсларни топишга шахсан Рамазон Раҳимовнинг ўзи бош-қош бўлмоқда

Тожикистон Ички ишлар вазири Душанбе-Хўжанд йўлида икки хориж фуқаросини талаб кетган шахсларни аниқлаш бўйича махсус тергов гуруҳини таъсис этган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази тарқатган хабарга кўра, ҳодиса душанба куни Душанбе-Хўжанд йўлининг 40-километрида жойлашган Ҳушёрий қишлоғи яқинида юз берган.

Номаълум шахслар "куч ишлатиш йўли билан" Ҳолландия фуқаролари Ш. Мартин ва унинг йўлдошидан 800 АҚШ доллари, 120 сомоний, бир дона фотоаппарат, бир "ноутбук", қўл телефони ва 5 дона банк картларини тортиб олишган.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, Тожикистон Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Рамазон Раҳимов ушбу ҳодиса омилларини аниқлаш учун изқуварлардан иборат махсус гуруҳни таъсис этган ва қидирув ишларини ўз назоратига олган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги шунингдек ҳужумчи шахсларни аниқлашда мамлакат фуқароларидан кўмак беришни сўраган.

"Жиноятчиларни аниқлаш ва тутишга ёрдам берган фуқаролар Вазирлик раҳбарияти томонидан мукофотланади,” дея хабар тарқатган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази.

Тожик расмийлари хорижий сайёҳларни мамлакатга жалб этишга ҳаракат қилиб келишади.

Ҳозирда хорижий сайёҳларнинг талаб кетилиши Тожикистонга сафар қилмоқчи бўлганларни тўхтатиб қолиши мумкинлигидан хавотирлар юзага чиққан.

Ўтган ой Душанбе шаҳрида номаълум шахслар оврўполик бир сайёҳнинг велосипедини ўмариб кетишганди.