Қозоғистон: Чегарадаги қотилликка оид текширувларни жамоатчилик қўмитаси назорат қилади

Қозоғистондаги жамоатчилик вакиллари "Арканкерген" чегара нуқтасида содир этилган қотиллик юзасидан текширув ишларини назорат қилувчи қўмита тузишлари ҳақида эълон қилишган.

Интерфакс ахборот агентлигининг "Аман-саулык" жамғармасидан иқтибос келтиришича: "Жамоатчилик вакиллари чегара нуқтасидаги фожеали ҳодиса ва ёш чегарачининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ кўп саволлар очиқ қолаётганига ишонадилар".

Маълум қилинишича, тузилажак қўмита 30 май куни юз берган ҳодиса бўйича объектив текширувлар ўтказилишини таъминлашни ўз зиммасига олади.

Қўмитага ноҳукумат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар раҳбарлари ҳамда жамоатчиликнинг таниқли вакиллари киради.

30 май куни Хитой билан чегарадаги "Арканкерген" постида 15 киши ўлдирилгани хабар қилинган.

Ҳодисадан омон қолган 19 ёшли ҳарбий аскар Владислав Челах 14 чегарачи ва бир ўрмончининг ўлимида айбланмоқда.

Ўтган ҳафта Қозоғистон Бош прокуратураси Владислав Челах ўз хизматдошлари ва ўрмончини ўлдирганини тан олганини эълон қилганди.

Оддий аскар Челахнинг яқинлари эса, у бундай нарсага иқрор бўлмаганини даъво қилишади.

Жиноят аниқ қандай ва қайси мақсадда амалга оширилгани қоронғу қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ