'Қирғиз бозорларида Ўш қирғинида ишлатилган қуроллар сотилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўш ва Жалолобод устига қилинган ҳужумларда қўлланган қуролларнинг ярмидан кўпи ҳали топилмаган

Қирғизистон расмийларига кўра, Ўш ва Жалолобод қирғини пайти ўғирланган ва ҳужумларда қўлланган қурол-яроғнинг ярмидан кўпи ҳамон топилмаган.

Бу қуролларни ҳарбийлар ва милициядан тортиб олган ҳужумчилар яна бир бошқа зўравонликка қўл уриши эҳтимоли расмийлар ва таҳлилчиларни хавотирга солмоқда.

Норасмий манбаларга кўра, ҳозир бу қуроллар қора бозорда сотилади.

Қирғизистон хабар агентликлари қора бозорда Макаров тўппончасини 1 ярим минг долларга, Калашников автоматини эса минг долларга сотиб олиш мумкинлигини ёзишмоқда. Битта қўл гранатаси 300-500 АҚШ доллари атрофида туради.

Собиқ президент Бакиевни қудратдан кетказган 2010 йил апрелидаги воқеалар чоғи мингдан зиёд турли қурол-яроғ ўғирланган эди. Кейинроқ июн ойида Ўш ва Жалолободга ҳужум қилган шахслар ҳарбийлар ва милцияга қарашли яна юзлаб қурол-аслаҳани қўлга киритишган.

Қирғизистонлик журналистларга кўра, давлат назорати заиф бу мамлакатда қуролли жиноий гуруҳлар мавқеи шундоқ ҳам ҳар вақт баланд эди ва энди қора бозорда ноқонуний қурол сотиб олиш имконлари кўпайгани аҳволни янада ёмонлаштириши мумкин.

Кўпчилик бу қуроллар билан янги зўравонликлар содир этилиши эҳтимолидан хавотирда.

Айрим кузатувчиларга кўра, июн қирғинида ишлатилган айрим қуроллар контрабанда йўли билан Афғонистондан келтирилган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозир Тожикистоннинг қарийб назоратсиз шарқий минтақаларидаги тоғ йўллари бўйлаб, Афғонитсон шимол-шарқидан қурол-яроғ ва бангивор моддаларни Қирғизистонга олиб ўтиш осонлиги айтилади.