HRW: 'Ўшда адолат ҳануз тиклангани йўқ'

Image caption Human Rights Watch ташкилотига кўра, Қирғизистон жанубида қийноққа солинган шахслар халқаро ташкилотларга мурожаат этишлари мумкин.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг янги ҳисоботида айтилишича, Ўш ва Жалолобод қирғинидан бери икки йил ўтиб, ҳамон адолат тиклангани йўқ ва айбдорлар жазоланмаган.

Жанубий қирғизистонга борган Human Rights Watch вакилларига кўра, юзлаб одамларни қийноққа солиб, турли айбларга иқрор қилдиришмоқда.

Икки йил олдинги қирғинда аксар ўзбеклар ҳужумга тутилганди. Аммо фаоллара кўра, қирғиз давлати яна аксар ўзбекларни жазоламоқда.

Шундай ҳолатда турли айбларга юз тутаётган одамлар нима қилишлари мумкин?

Human Rights Watch вакили Алисон Гилнинг айтишича, қийноққа солинган шахслар халқаро ташкилотларга мурожаат этишлари мумкин.

Қирғизистон мисолида - қирғизистонликлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши қўмитасига мурожаат этишлари мумкин бўлади. Азимжон Асқаров иши дохил бошқа қатор ишлар ана шу қўмитага ҳавола этилганини биламиз, деди Алисон Гилл Би-би-си билан суҳбатда.

Би-би-си: Аммо бундан бирор иш чиқадими? БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси маслаҳатлари барибир Қирғизистон ҳукуматининг эътиборига ҳавола этилади... Қийноқларга қарши қўмитанинг тавсияларига ҳукумат қулоқ тутадими?

Алисон Гилл: Ҳа, биз бунга умид қиламиз, яъни умидимиз шундан... Яъни, қийноққа солинганлар ўз ишларини БМТ қийноқларга қарши қўмитасига тақдим қилиб, алал оқибат ҳеч қурса маънавий бир дастак оладилар. Бошқа бир умидимиз шуки, БМТ Қўмитасининг аралашгани Қирғизистондаги тузумга босим кўрсатиб, бу ишларни қайта кўриб чиқишига туртки бериши мумкин.

Би-би-си: Лекин бундан Қирғизистон адлия тизимига қандай наф бор, шундоқ ҳам юзлаб жиноий ишлар ҳали ҳам кўриб чиқилгани йўқ. Қийноққа солишга доир ишларни қайта кўриб чиқиш қайтага Адлия тизимининг ишини мушкуллаштиради эмасми?

Алисон Гилл: Рост, аммо бу ишларни кўриб чиқмаслик адлия тизимининг қатор адолат мезонларини бузади. Чунки чиқарилган ҳукмлар адолатсиз бўлган. Иқрорномалар қийноқ ва босимлар остида олинган. Қирғизистон тараққий топган бир адлия тизимига эгалини намоён қилишдан манфаатдор ва шунинг учун шундай йўл тутишга ирода топиши керак ўзида...Яъни, адлия тизими ва маҳкамалар хато қилишадими, демак бу хатони тузатиш керак. 2010 йил июн зўравонликларидан кейин 5000та жиноий иш очилди. Аксарият ишлар тез орада, тўлиқ текширилмасдан туриб маҳкамага оширилди. Аксарият жиноий ишларда айбланувчилар жиддий бир шаклда қийноққа солинганлари ҳақида хабарлар ўртага чиқди. Бу каби хабарлар ва қийноқ қўллангани ҳақидаги даъволар Қирғизистон адлия тизимига соя солади. Айни хатоларни Қирғизистон адлия тизими тузатиши керак.

Би-би-си: Азимжон Асқаров - Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг масаласига қайтсак, унинг иши борасида гапирмаган халқаро ташкилот деярли қолмади, барча ташкилотларга бош урилди... Аммо ҳеч нарса ўзгаргани йўқ...Қирғизистондаги барча маҳкамаларга мурожаат қилди. Энди нима бўлиши мумкин? Умуман, халқаро аралашувлардан иш чиқадими?

Алисон Гилл: Ҳа, ростдан ҳам Асқаров жаноблари Қирғизистондаги мавжуд барча ташкилотларга бош уриб кўрди. Аммо у халқаро ташкилотларга ҳали мурожаат қилиши мумкин. Улар орасида БМТнинг Қийноқларга қарши кураш қўмитаси бор. Бу билан Асқаров ўз ишини яна ҳам кенгроқ жамоатчиликка кўрсатиши мумкин. Қирғизистон халқаро ҳамжамиятнинг аъзосидир. БМТнинг қонуну қадриятлари бу ерда ҳам амал қилади. Аммо аксар масалаларни ҳал этишда Қирғизистон ўзида ирода топиши ва ҳаракат қилиши керак.